“Мен уни бахт ва озодлик қўшиғи, деб айта оламан”

 

Ҳар эрта тонгни қаршилаганимизда энг аввал тинчлик суруридан энтикиб, минг шукрлар айтиб, мамнунлик ҳиссини туямиз.

Мамлакатимизда ҳар йили 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунни байрам сифатида кенг нишонлаймиз ва шу байрам шукуҳи ортида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кунни ҳам тарихий саналаримиздан бири сифатида қадрлаймиз.

Миллатларни юртлар ичра юрт қилиб кўрсатадиган давлат тимсоллари давлат номи, тили, байроғи, герби ва мадҳияси бўлади. Ана шу тимсолларга эга халқ озод ва эркин халқдир.

Ўзбек халқи қадимдан қўлни қўлга бериб, овозини баралла қилиб, юраги жўшиб, кўзлари чақнаб, ғурур ва ифтихор билан куйлайдиган ўз қўшиғи бўлишини орзу қилган.

Ана шу истак бундан 28 йил муқаддам руёбга чиқди ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 11-сессиясида халқ муҳокамаси асосида қабул қилинди. Мадҳиямиз шеърини Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ёзди. Унга Ўзбекистон халқ бастакори Мутал Бурхонов куй басталади.

Бу қўшиқ бугунга қадар халқимизнинг мустақиллигини мадҳ этувчи, ватанини муқаддас билган аждодларимизнинг дил қўшиғи бўлиб, авлоддан авлодга ўтадиган маънавий хазинага айланди.

Давлатимиз мадҳиясида серқуёш ўлкамизнинг мурувватли, меҳмондўст инсонлари борлиги, илм ва ижод довруғимизни дунёга достон қилиши, ватанимизнинг бетакрор табиати, тоғлари, боғлари, ширин-шакар мевалари, осмонўпар тарихий обидалари, аждодларимиз қолдирган мерослар, бағри кенг ўзбек халқининг ҳеч кимдан кам эмаслиги, эркин ёш авлодлар бу юрт равнақи учун қўшқанот, келажак йўлини ёритувчи машъал бўлиши куйланади. Бугун мадҳиямиз дунё бўйлаб янграмоқда.

Мадҳиямизда мадҳ этилган ҳар бир сўз ва сатр бизнинг юрак сўзимиз, қалбимиз қаъридан жўшиб чиқаётган ватан қўшиғидир. Мен бу қўшиқни бахт ва озодлик қўшиғи, деб айта оламан. Унга жўр бўлганимда, тинглаганимда беихтиёр қўлим кўксимга бориб, Ўзбекистонимдан ғурурланиб кетаман. Бу туйғу ҳар бир фарзандимнинг қалбида жўш уришини истайман.

Бахт қўшиғимиз мусаффо осмонимизда қанот ёзиб учаётган тинчлик элчиси - оқ кабутарлар каби қанот қоқсин. Умри боқий, сатрлари метиндек мустаҳкам бўлсин. Халқимизнинг ҳар бир кунини янги зафарлар билан қутласин.

 

Насиба Рўзиева,

Ўзбекистон ХДП Қамаши туман кенгаши фаоли.

← Рўйхатга қайтиш