ХДП фракцияси масалани охирига етказди, жазоловчи психиатриянинг илдизи қирқилди

Совет тузуми даврида руҳий касалхоналар бемор, ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдам бериш билан бирга, қандайдир сабаблар билан кимларгадир ёқмай қолган, адолат учун курашадиган, мустақил фикрини қўрқмай айта оладиган илғор инсонларга “ишлов бериш”, уларнинг руҳиятини издан чиқариб, шахсиятини йўқотишга “хизмат қилган”ини кўпчилик яхши тушунади.

Очиғини айтиш керак, бу тизимдан маълум асоратлар қолган эди. Руҳий касалликлар шифохоналари фаолиятининг ҳуқуқий асослари аниқ ва мустаҳкам эмасди. Айрим масалалар вазирлик-идоралар раҳбарларининг буйруқларига боғлиқ бўлган. Бу эса тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиладиган фуқароларнинг ҳаётига, устувор ҳуқуқларига жиддий хавф туғдирарди.

Шунинг учун Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси бу йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш масаласини ўрганиб, кўтариб чиққан эди.

2015 йил декабрь ойида Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан бир неча психиатрия шифохоналарига ташриф уюштирилган ҳолда, Психиатрия ёрдами тўғрисидаги қонуннинг ижроси ўрганилди. Депутатлар томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилганда, кўплаб қонунбузарликлар ҳамда беморларнинг ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари аниқланган эди.

Мажбурий даволаш муассасаларида даволанаётган шахсларнинг қариндошларидан 2011-2014 йиллар оралиғида менга йўлланган мурожаатлар таҳлили ҳам қонунчиликда зиддиятлар борлигини кўрсатди. 2014 йил январь ойида Адлия вазирлигига депутат сўрови юборилди. Адлия вазирлигининг 2014 йил 24 январдаги хати билан соғлиқни сақлаш вазирининг 26.11.1996 йилдаги буйруғи ҳамда буйруқ иловаси Давлат реестрига киритилмагани тасдиқланди. Текширув якунларига кўра, Адлия вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига давлат реестридан ўтмаган ҳужжатни бекор қилиш ва ижродан чиқариш тўғрисида арзнома киритилди. Соғлиқни соғлиқни сақлаш вазирининг 1996 йилдаги буйруғи бекор қилинди ва ижродан чиқарилди.

2016 йил май ойида Қонунчилик палатасида соғлиқни сақлаш вазирининг “Аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатиш ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ҳолати тўғрисида”ги ахбороти тингланди. Ўшанда тизимдаги муаммолар, қонунчиликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар очиқ-равшан муҳокама этилди.

Яқинда кучга кирган психиатрия ёрдамини кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун 2015 йилда фракциямиз кўтарган ташаббуснинг амалий натижаси бўлди.

Қонун қабул қилиниши жараёнида депутатлар тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашни давом эттиришга доир Жиноят кодексининг 95 моддаси ва Жиноят процессуал кодексининг 580 моддаларида белгиланган меъёрларнинг фарқига алоҳида эътибор қаратдилар.Хусусан, Жиноят процессуал кодексининг 580 моддасида “давом эттириш” тушунчаси келтирилмаган эди.

Қатор қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар психиатрия ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга,айниқса, психиатрия касалликларидан азият чекаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишига қаратилган. Бундан ташқари, қонун меъёрлари тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини ноқонуний қўллаш, психиатрия муассасаларига ноқонуний жойлаштиришдан огоҳлантиришга ҳам йўналтирилган.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши бизга ўтмишдан мерос бўлиб қолган ва узоқ йиллар давомида мавжуд бўлган жазоловчи психиатрия тизимидан воз кечилганидан далолатдир.

 

Алия ЮНУСОВА,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси

 

ЎзА

Теглар

Тошкент Депутат
← Рўйхатга қайтиш