Конституция – халқимизнинг фаровон ҳаёти кафолатидир

 

Куни кеча Конституциямиз қабул қилинганлигини йигирма саккиз йиллигини кенг миқёсда нишонладик. Президентимизнинг халқимизга йўллаган байрам табриклари бизни олдимизга кўп мақсадлар қўйишга ва фидокорона меҳнат қилишга ундайди.

Шу ўринда айтишимиз мумкинки, Конституциямизнинг хар бир моддаси халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун қонуний асос бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан Конституциямизнинг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади”, деб белгилаб қўйилган. Президентимиз айтганидек, “халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида олиб борилаётган ислоҳатлар ҳам Конституциямизнинг халқчиллигини ифодалаб турибди.

Конституциямизнинг шаклланиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, қабул қилиниш давригача 3 марта матбуотда чоп этилган ҳолда (1992 йил 26 сентябрь, 1992 йил 21 ноябрь, 1992 йил 6 декабрь) умумхалқ муҳокамасига қўйилган. Бекорга Конституциямизни “халқчил қомус” деб аташмайди. Чунки унинг лойиҳаси устида тахминан икки йил давомида ишлангани, икки ярим ой мобайнида умумхалқ муҳокамасида бўлгани ва шу вақт мобайнида у халқнинг фикр хазинаси билан бойтилганини кўришимиз мумкин.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар фуқороларимизнинг фаровон ҳаёт кечириши йўлида қилинаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қонун ва қарорлар, одамларимизнинг яхши яшаши ва келажакка ишонч руҳида ҳаёт кечириши учун катта ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, Конституциямизда белгилаб қўйилган адолат принципини амалда таъминлаш бўйича ҳам катта ишлар олиб борилмоқда. Хусусан мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизмлари жорий этилганлиги бунга ёрқин мисолдир.

Бугунги кунгача уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасида 2,5 миллиондан зиёд аъзоси бўлган 590 мингдан ортиқ оилани қўллаб-қувватлаш учун 840 миллиард сўм маблағ ажратилди. Хусусан, ҳар бир хонадондаги аёллар ва ёшларнинг эҳтиёжи, ҳаётий муаммолари аниқланиб, 300 мингга яқин оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари иш билан таъминланди.

Албатта, амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот халқимиз ҳаётида муҳим ўзгаришларга олиб келмоқда. Бу ўзгаришларни нафақат биз, бутун халқимиз ҳис қиляпти, балки “Янги Ўзбекистон” деган ибора асосида чет элликлар ҳам эътироф этмоқда. Бу шубҳасиз, барчамизни қувонтиради. Энг асосийси, фуқороларимизнинг дунёқараши ўзгариб, улар ҳам бу ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди.

Бу ислоҳотлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Буларнинг туб замирида Конституциямизда белгилаб берилган мақсад ҳамда вазифаларни сўзсиз ижро этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ётибди.

 

Фахриддин Элмуродов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Бош референти.

 
← Рўйхатга қайтиш