ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳаларини электорат манфаатларидан келиб чиқиб муҳокама қилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг йиғлишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Хусусан, Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик, Маъмурий суд ишларини юритиш, Иқтисодий процессуал, Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи қонун лойиҳалари фракциямиз йиғилишларида таҳлилий кўриб чиқилди.

Таъкидландики, жамиятда ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари таъминланиши Халқ демократик партиясининг асосий мақсадларидан ҳисобланади. Бу мақсад амалга ошишида судлар фаолияти катта аҳамият касб этади.

Президентимизнинг тегишли қарор ва фармонлари билан бу йўналишда асосий стратегия белгилаб берилган, вазифалар аниқ қўйилган. Хусусан, суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш кўзда тутилган.

Янги меъёрлар фуқароларни сарсон-саргардон қилмаслик, ойлар, йиллар давомида бир ишнинг судма-суд, ҳудудма-ҳудуд айланиб юрмаслиги, судлар ва судъяларнинг қарор қабул қилишдаги масъулияти ошиши нуқтаи-назаридан ҳам муҳимдир.

Янги ўзгартириш ва қўшимчалар 2021 йил 1 январдан жорий этилиши белгиланган «Бир суд – бир инстанция» тамойилини ҳуқуқий жиҳатдан рўёбга чиқариш механизмини белгилайди.

Қонун лойиҳалари судларда ишлар кўрилиши механизми ва амалиётини соддалаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу қонунлар билан одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилиниб, назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш назарда тутилган.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳалари билан судлар фаолиятида узоқ йиллар давомида кузатилган қийинчиликлар енгиллашади, асосийси, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фуқароларга қўшимча имконият яратилади, уларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Депутатлар судлов тизимига жорий этилаётган дунёдаги илғор ва замонавий институтлар аввало инсон ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини кучайтиришга, шунга мувофиқ равишда прокурор институтининг таъсирини халқаро меъёрлар асосида камайтиришга эришилишини алоҳида қайд этишди.

Бу тамойил бутун жамият, айниқса, кам даромадли, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами, яъни Халқ демократик партияси электорати манфаатлари муҳофазасида муҳим аҳамиятга эга.

Халқ демократик партияси фракцияси фаъзолари қонун лойиҳаларини мутахассислар билан бирга таҳлилдан ўтказиб, янги меъёрларни қонунчилик ва таҳрир нуқтаи назаридан аниқ акс эттириш бўйича берилган таклифлар инобатга олинган.

Шуларга асосан Халқ демократик партияси фракцияси аҳзолари суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик, Маъмурий суд ишларини юритиш, Иқтисодий процессуал, Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишиниқўллаб-қувватлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Фракция йиғилишида “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси “Банкротлик тўғрисида”ги қонун негизида ишлаб чиқилган бўлиб, 17 та боб ва 252 та моддадан иборат ва амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда мазкур соҳани янада ривожлантиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан, хусусан, иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш чоралари кенг қўлланилишига шароит яратиш, жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги амалиётини жорий этиш назарда тутилган.

Фракция аъзолари жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлик амалиётини жорий этиш масалаларида қатор савол ва таклифлар беришди. Ташаббускорлар таклифлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ҳисобга олинишини маълум қилишди.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш