Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомида унинг паст-баландини билиш имконига эга бўлади

 

Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш масаласи халқимизнинг, ҳар бир фуқаронинг манфаатларига бевосита таъсир қилувчи жуда жиддий масаладир. Бу ҳамкорлик натижаларини олдиндан баҳолаш, прогноз қилиш мураккаб жараён.

Шунинг учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ушбу масаладаги парламентдаги муҳокамаларда биринчи навбатда давлатимиз, халқимиз ва миллатимизнинг умумий манфаатларидан келиб чиқиш ҳамда барча фуқароларнинг хоҳиш-иродасига таяниш лозим, деган хулосани берган эди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомига эга бўлиши мамлакатимизга бу тузилмани яқиндан ўрганиш, амалий хулосалар қилиш, паст-баландини таҳлил этиш имкониятини беради.

Мураккаб ва таҳликали замонда қийинчиликларни якка ҳолда енгиб чиқиш мумкин эмас, шу билан бирга, ҳамкорлик мақсади ва йўналишини халқ манфаатлари нуқтаи назаридан тўғри белгилаш зарур.

Дунёни ларзага солган, катта қудратга эга давлатларнинг ҳам иқтисодиётини издан чиқариб юбораётган коронавирус пандемияси даврида ҳар қандай давлат учун иқтисодий интеграцияни кенгайтириш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш, иқтисодиётимизга инвестициялар киритиш ҳамда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга интилувчи халқаро ташкилот ва давлатлар сони ошаётганини ҳам ҳисобга олиш зарур.

Халқ демократик партияси фракцияси Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш юзасидан қуйидагиларни таъкидлаган эди.

Биринчидан, бундай ҳамкорлик Ўзбекистон учун меҳнат миграциясидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда яхши имкониятлар яратиши, хусусан, ушбу ташкилотга кирувчи мамлакатларда ишлаб юрган Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ҳимоясига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Иккинчидан, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш стратегик вазифа даражасига кўтарилган. Бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори зарур бўлади. Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш транспорт харажатларини камайтириш, тарифсиз тўсиқларни оптималлаштириш, тўқимачилик саноатининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширишга хизмат қилиши мумкин.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган мева-сабзавот махсулотларимиз экспортини амалга оширишда иттифоққа аъзо мамлакатлар салоҳиятли истеъмол бозори бўла олади.

Ташкилот ҳузурида кузатувчи мақомида ҳамкорлик қилиш давлатимизга халқимизнинг устувор манфаатларидан келиб чиқиб, якунда энг тўғри қарорга келиш имкониятини беради, деб ҳисоблаймиз.


Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш