Хотин-қизлар мурожаатлари тингланди

 

Ўзбекистон ХДП Кармана туман кенгаши ташаббуси билан «Жалойир» МФЙда «Аёллар билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида сайёр қабул ташкил этилди.

Тадбирда Кармана туман «Микрокредит банк» АТБ, Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, Сув-оқава ДУК, Электр тармоқлари корхонаси, Пенция жамғармаси, бандликка кўмаклашиш маркази ва бошқа ташкилот вакиллари иштирок этиб, ҳудуд аҳолисини, хотин-қизларни ўйлантираётган масалаларни муҳокама этишди. Учрашув давомида мутасадди ташкилот вакилларига аҳоли 12 та масала билан билан мурожаат қилди.

Хусусан, Роҳат қишлоғида мактабгача таълим муассасасини қуриш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга имтиёзли уйлардан олиш, ҳудуддаги сим ёғочлар яроқсиз ҳолатга келганлиги, газ босимининг жуда пастлиги аҳолини қийнаб келаётган экан.

Бундан ташқари, қишлоқ аёлларининг спорт билан шуғулланиши учун Кармана иқтисодиёт техникумининг спорт залидан фойдаланишлари учун рухсат берилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Ушбу масала жойида ҳал этилиб, хотин-қизларнинг бўш вақтларида спорт билан шуғулланишлари учун спорт зал уларнинг ихтиёрларига топширилди.

Шунингдек, тадбирда маҳалла аҳолиси номидан Марҳабо Ҳамроева сўзга чиқиб, Юқори қорақош қишлоғида ичимлик сувининг босими пастлиги сабабли, қишлоқ аҳолиси 1 километр узоқликдан сув ташиётгани айтди. Ушбу масала ҳам куннинг иккинчи ярмида ижобий ҳал этилди. Йўл бўйида ноқонуний қурилган сув жўмраклари олиб ташланди.

Учрашувга Гулмеҳра опа Мамадиева ҳам ташриф буюриб, мурожаат қилди. Таъкидланишича, опа имконияти чекланган бўлишига қарамай уйида партир пишириб, сотишни йўлга қўйган. Қўшни икки нафар қизни ҳам ёрдамчи қилиб олган. Уларнинг рўзғори ҳам шунинг орқасидан ўтиб турибди. Маҳсулотга бўлган талаб кундан кун ошиб борганлиги сабабли қўшимча бинога эҳтиёж ошяпти. Г. Мамадиева ўзига жой ажратилса, яна 3-4 нафар қўшни аёлни ҳам иш билан банд қилишини айтди. Бу бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови жўнатилди.

 

Хуршида Нарзиева,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш