Қишлоқ хўжалиги ходимлари жамиятнинг энг меҳнаткаш, фидойи инсонларидир

 

Дунёда меҳнаткаш инсонлар жуда кўп. Лекин халқ ризқ-рўзини яратишдек буюк вазифани зиммасига олган, табиатнинг ҳар қандай инжиқлиги, синовига тобланган қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларига тенг келадиган одамлар кам. Шундай экан бутун ҳалқимизни боқадиган, кийинтирадиган қишлоқ хўжалиги ходимлари ҳар қанча эъзозга, эътиборга муносиб. Чунки жамиятнинг энг меҳнаткаш, фидойи инсонлари аслида улардир. Ахир суякни меҳнатда қотириш, ер билан тиллашиш, сирлашишни ўзи бўлмайди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида белгилаб берилди. Кеча яна бир бора ушбу соҳа ходимлари кунини нишонладик. Президентимизнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига байрам табриги эълон қилинди.

Ҳақиқаттан ҳам, қишлоқ хўжалиги қўшимча имкониятларга бой соҳа. Меҳнатни канда қилмасанг, ернинг тилини топса, меҳр берса, мўл-кўл ҳосил олиб, катта фойда кўрса бўлади. Меҳнаткаш деҳқонларимиз, соҳа ходимлари бу йўлда бор куч-ғайратини сафарбар қилиб, бозорларимизни тўлдирмоқда, ҳаётимиз фаровонлигини таъминламоқда. Жорий йилда юртимизда олти ярим миллион тоннага яқин ғалла, 3 миллион тоннадан зиёд пахта, 21 минг тонна пилла, 22 миллион тонна мева-сабзавот, икки ярим миллион тонна гўшт ва 11 миллион тоннадан зиёд сут маҳсулотлари етиштирилгани уларнинг шарофати, катта хизмати билан бунёд бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз.

Жорий йилда пандемия сабабли синовли кунларда ҳам одамларимизнинг озиқ-овқат маҳсулотига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, нархларнинг барқарорлигини таъминлашда уларнинг ҳиссаси ниҳоятда катта бўлганини эътироф этса арзийди. Буларнинг барчаси, авваламбор, деҳқонларимиз, фермер ва қишлоқ хўжалиги мутахассисларининг ўзини аямасдан қилган фидокорона меҳнати, бой тажрибаси ва ўз ишига бўлган садоқатининг амалий натижасидир. Зотан, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ўзбек деҳқонлари она заминимизга, муқаддас тупроғимизга энг садоқатли, элу юрт тақдири учун чинакам фидойи инсонлардир. Уларнинг бундай фазилатларидан барчамиз ўрнак олсак арзийди.

Маълум бўлишича, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги фаол қўллаб-қувватланадиган давлатлар сирасига киради. Бугунги кунда аграр соҳага давлат томонидан ривожланган мамлакатларга нисбатан 2-3 баробар кўп маблағ ажратилмоқда. Айниқса, ҳозирги глобал инқироз ва пандемия шароитида ҳам мамлакатимизда аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлашда қишлоқ хўжалиги энг кўп имкониятга эга соҳа ҳисобланади.

Албатта, қишлоқ хўжалик соҳасини ривожлантириш орқали аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, манфаатдорлигини таъминлаш кўзда тутилган. Шу боис кейинги йилларда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва уни бозор талабларига мослаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сўнгги икки, уч йил ичида кластерлар, кооперациялар ташкил қилинди, сувни тежаш, ерларни ўзлаштириш бўйича кўп ташаббуслар бошланди. Деҳқон ва фермерларимизнинг манфаатдорлигини янада оширишга эътибор кучайди. Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармоннинг қабул қилиниши соҳадаги муаммоларни тез илғаб олиб ўз вақтида бартараф этиш имконини бермоқда.

Қишлоқ хўжалиги ва аграр соҳани ривожлантириш ва уларнинг самараси ҳақида узоқ гапириш мумкин, албатта. Энг муҳими, соҳада кенг кўламда олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда экспортни кенгайтириш имкониятини яратади. Кам таъминланган аҳоли қатлами ва вақтинчалик банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлашга ва қўшимча даромад манбаини оширишга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлабгина қолмай, уларнинг нархини пасайтиришда ҳам муҳим омил бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўз ҳаётини қишлоқ хўжалиги соҳаси билан боғлаган юртдошларимизни қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан самимий табриклайман. Мардлигингиз ва матонатингиз, мамлакатимизнинг тараққиёти ва равнақига қўшаётган улкан ҳиссангиз учун самимий миннатдорчилигимизни билдираман, бутун халқимиз номидан раҳматлар айтаман.

Куни кеча юртимизнинг барча ҳудудларида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ғайрати ва шижоати, меҳнатсеварлиги билан бошқаларга намуна бўлаётган қишлоқ ва сув хўжалиги ходимлари, фермерлар, мутахассислар, бир гуруҳ юртдошларимиз тақдирландилар. Улар орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари ҳам бор. Қўмита аъзоси сифатида бундан беҳад қувондим.

Соҳада ҳолмай-толмай меҳнат қилаётган барча юртдошларимизга, қўмитамиз аъзоларига сиҳат-саломатлик, ишларига янги-янги ютуқлар тилаб қоламиз! Ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўринг!

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш