Ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

 

Кейинги йилларда ахборот соҳаси, шу жумладан ОАВ соҳасида қилинган ислоҳотлар натижасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлик даражаси сезиларли даражада ўсди. Жамиятда фикр ва уни билдириш эркинлигини таъминлайдиган очиқ мулоқот майдони яратилди.

Шунинг билан бир қаторда, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ҳамда жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш ҳоллари тез-тез такрорланиб турибди.

Бундай шароитда фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатларини таъминлайдиган ҳуқуқий майдонни яратиш муҳим ҳисобланади.

Шу ва шунга ўхшаш масалалар юзасидан 3 та кодекс яъни, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларида алоҳида модда сифатида - Ёлғон ахборот тарқатиш яъни, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ҳамда жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатиш – жазо чораси (жарима) қўлланилиши киритилмоқда.

Қонун лойиҳасида шахс муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин 1 йил давомида такроран шундай ҳаракатларни содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда.

Иккинчидан, маълумки, порнографик ҳамда зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотлар кишининг хулқ-атворига салбий таъсир этиши, айниқса, ёш авлоднинг ахлоқий ва ҳуқуқий онгини деформацияланиш(бузилиш)ига сабаб бўлади. Ёмон томони, ушбу маҳсулотларни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқлари орқали тарқатиш ҳоллари кўпаймоқда. Маълумотларга кўра, 1990 йилларда компьютер технологиялари орқали яратилган порнографик маҳсулотлар иқтисодий рентабелликка эга бўлмаган бўлса, 2019 йилда “google” излаш иловаси жаҳон Интернет тармоғидан 8 мингга яқин бу турдаги маҳсулотларни излаб топган, ҳозирги кунда эса уларнинг сони 20 мингдан ортган.

Шундан келиб чиқиб, нафақат порнографик ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, уни реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш балки, уни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштириш учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда. Бу борадаги ҳуқуқбузарлик учун жазо чораси кучайтирилмоқда, хусусан, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима белгиланмоқда.

Учинчидан, энди туҳмат ва ҳақорат ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштириш орқали амалга оширилса ҳам жавобгарлик белгиланмоқда. Аммо, ушбу жиноятлар таркибига нисбатан енгиллаштириш чоралари қўлланилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинмоқда.

Жумладан, туҳмат учун жарима ёки мажбурий жамоат ишлари ёхуд озодликни чеклаш билан жазолаш таклиф этилаётган бўлса, ҳақорат учун жарима ёки ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд озодликни чеклаш жазо чоралари киритилмоқда.

Умуман, мазкур нормаларнинг қабул қилиниши, фуқароларнинг ахборот ҳуқуқларини ҳимоя қилинишига, инсонларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатувчи материаллар айланмасининг камайишига ҳамда жамиятда очиқлик даражаси ошишига олиб келиши назарда тутилмоқда.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш