Туҳмат ва ҳақорат қилган аввал жарима тўлайди

 

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Қонун лойиҳасига кўра, бу билан боғлиқ жиноятларни енгиллаштириш чоралари киритилмоқда. Яъни, Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси олиб ташланиши назарда тутиляпти. Ушбу меъёрнинг ўрнига жарима ёки мажбурий жамоат иши жазоси қўшилмоқда.

Амалдаги қонунчиликда бу турдаги ҳаракатни содир этган шахс тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Таклиф этилаётган лойиҳада эса шахс шундай ҳаракатлари учун муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этсагина жиноий жавобгарликка тортилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Жиноят кодексига ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Порнографик маҳсулотларни тарқатиш ва шафқатсизликни тарғиб қилганлик учун ҳам жарима миқдорлари ошириляпти.

Масалан, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун ҳам жавобгарликни белгилаш кўзда тутилмоқда.

Кодекснинг амалдаги таҳририга кўра, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш ҳаракатлари учун эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Янги қонун лойиҳасига кўра, бундай ҳаракатлар учун жарима миқдорини ошириш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиш ҳақидаги меъёрни киритиш таклиф этилмоқда.

Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадриятдир. Булар одамнинг узвий, конституцияга кафолатланган ҳуқуқларидан ҳисобланади. Аммо сўнгги пайтларда шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган, жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш, шунингдек, ОАВ, телекоммуникация ёки интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатиш ҳолларига гувоҳ бўлиняпти. Демак, фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш бугунги кунда муҳим масалага айланмоқда.

Албатта, мамлакатимизда очиқликни таъминлаш, сўз ва фикр эркинлиги, ахборот олиш кафолатларини кучайтириш бўйича изчил ислоҳотлар кетаётган бир пайтда ушбу қонун лойиҳаси долзарб аҳамиятга эга.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш