Депутат Шербек Бўронов Пахтачи туманида камбағалликни қисқартириш ишларини ўрганмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жорий йил 17-21 декабрь кунлари ўз сайлов округларида аҳоли билан учрашувлар ўтказаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шербек Бўронов ҳозир Самарқанд вилояти Пахтачи туманида. “Темир дафтар”, "Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари"ни шакллантириш, камбағалликни қисқартириш бўйича секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолати ўрганилмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини ўрганаётганда муаммоли ҳолатлар билан бирга, яхши тажрибаларга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Депутат туман ҳокими М.Хамдамов билан бирга “Қувондиқ” маҳалласида яшовчи Шоназар ака Ҳасанов хонадонига бўлди. Шоназар ака ўз хонадонида 6 сотихли иссиқхона ташкил этган бўлиб, у ерда лимон ва мандарин кўчатларидан 60 тасини парвариш қилмоқда. Шу йилнинг ўзида Шоназар ака 3 тонна лимон ва мандарин ҳосилини олган.

Ш.Бўронов “Кўрпа” маҳалласидаги иссиқхоналар мажмуаси билан ҳам танишди. Маълум бўлишича, ушбу комплексдаги ҳар бир 2 сотихли иссиқхоналар "Темир дафтар"га киритилган ишсиз фуқароларга субсидия асосида берилмоқда.

Пахтачи туманида инвестициялар жалб қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Ziyovuddin invest textile” МЧЖга туманнинг “Бурқут иссиқхона комплекси”дан жами 52 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бугунги кунда 50,0 гектар ер майдонини девор билан ўраш ишлари 100 фоизга, 17 гектар ер майдонида иссиқҳона қуриш ишлари тўлиқ якунига етказилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 75 млрд. сўмни ташкил этади, лойиҳа амалга оширилиши натижасида 300 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Депутатимиз энди бевосита сайловчилар мурожаатларини қабул қилиб, амалий ёрдам беришга киришади.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш