Сайёр қабуллар давом этмоқда

 

ЎзХДП Тўрақўрғон туман кенгаши, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари ташаббуси билан сайёр қабул ўтказилди.

Дастлаб мурожаатга кўра, “Шарқ” МФЙ Ҳақиқат кўчаси 1-уйда яшовчи Ҳабибулло Мамажонов хонадонига боришди. Мурожаатда қайд этилганидек, ҳовлида электр темир устуни ноқулай ва хавфли жойлашгани аниқланди. Муаммо ўрганилди ва туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига мурожаат этилиб, масала жойида ижобий ҳал қилинди.

 

Шунингдек, “Шарк” маҳалласи Гулистон кўчасида аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжидан келиб чикиб, ушбу ҳудудга электрни кучайтириб берувчи қўшимча патстансия ўрнатилишини сўраб қилинган аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб, тегишли ташкилотларга юборилган  депутат сўрови  натижаси  бориб кўрилди.

Аҳоли мурожаатларни ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган сайёр қабул Ўзбекистон ХДП Косонсой туман кенгаши томонидан ҳам ташкил этилди.  Туман партия кенгаши раиси Ш.Жалолов, “11-Равот” сайлов округидан сайланган депутат Солия Юлдашева, туман Кенгаши ижрочи котиби А.Абдуллаева ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати масъул котиби Ж.Абдуллаевлар туманнинг чегара ҳудуди ҳисобланадиган “Ободон” МФЙда бўлиб, фуқаролар билан учрашишди.

Депутатлар ва партия фаоллари 23-сонли умумий ўрта таълим мактабида иситиш тизимининг ҳолатини ўрганишди. Ҳудуддаги “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари” юзасидан маҳалла фуқаролар йиғинининг масъул ходимлари билан суҳбат ўтказишди. Шундан сўнг уйма-уй юриб, фуқароларнинг мурожаатлари жойида  ўрганилди.

Қабул давомида Абдурасул Азимов  тиббиёт коллежининг ҳамширалик иши йўналишини тамомлаган қизи Дилфуза Азимовани иш билан таъминлашда ёрдам сўради. Бу мурожаат тез кунларда ҳал этилиши билдирилди.

“Ўзбекистон” кўчасида яшовчи тадбиркор Комилжон Назаров бир неча йиллардан буён иссиқхонада лимон етиштиради. Фаолиятини кенгайтириш мақсадида имтиёзли кредит олиш истагини билдирди. Мурожаат юзасидан МФЙ масъуллари ҳамда халқ банки туман филиали мутахассиси билан боғланилиб, тегишли кўрсатмалар берилди.

“Дўстлик” кўчасида яшовчи фуқаро, 2-гуруҳ ногирони Соҳиба Юлдашева қизи Саида Саматова билан бирга яшайди. Турмуш ўртоғи вафот этган. Ушбу йили педагогика коллежини тамомлаган қизини иш билан таъминлашда ёрдам сўради. Депутатлар масалани тез кунда ҳал қилиб беришни айтишди.

Ўзбекистон ХДП туман Кенгаши томонидан депутатлар билан ҳамкорликда аҳоли мурожаатларини аниқлаш ва улар билан ишлаш давом этади.

 

Маъмура Бойтўраева,

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши сектор мудири. 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш