Тўғри фикр, адолатли маслаҳат билан ҳар қандай муаммони ҳал этиш мумкин

 

Жамиятдаги муаммоларни таҳлилий ўрганиш, ҳал этишда кенг ва тўғри фикрли бўлишнинг алоҳида аҳамияти бор.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Оқолтин ҳамда Сардоба туманларида техноген ҳодисадан жабр кўрган юртдошларимизга ёрдам бериш, уларга шароит яратиш бўйича беш ой мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақида бир гап гапиришдан олдин, имкон бўлса, келиб кўз билан кўриш керак, деб ўйлайман.

Сирдарёда аҳоли мурожаатларини ўрганиб, жойида ҳал этишга кўмаклашиш бўйича парламент ишчи гуруҳи таркибида юрганимга ҳам бир неча ҳафта бўлибди. Шу вақт ичида қанча-қанча оилалар қайтадан янги уйли, ватанли бўлгани, болалари билан қувониб, хўрсиниб остона хатлаганига гувоҳ бўлдик.

Ҳақиқий ҳолатни яқиндан билмасдан ижтимоий тармоқларда бўлмағур гапларни гапириб, ёзиб чиқаётган айрим кимсаларни кўриб, Сирдарёдаги ҳақиқий ҳолат билан солиштириб, тўғриси, бироз хафа ҳам бўлиб кетаман.

Вилоятда шу йил 4 ноябрдан 10 декабргача тарқатилган уйлар сони 2131 тани ташкил этди. Бунинг ортида катта меҳнат, катта заҳмат ётибди. Муаммо бор, оламга жар солган билан уни биров ҳал қилиб бермайди. Тушуниб, тушунтириб, ҳар қандай масалани халқимиз билан бамаслаҳат ечса бўларкан, сирдарёлик юртдошларимиз билан кўп-кўп мулоқот қилиб шунга амин бўлдим.

Ўзини кўрсатиш, кимнидир камситиш илинжидагина ваҳима кўтарадиган, уй-жойсиз қийналаётган ҳамюртларимизга унчалигам жони ачимайдиган кишиларга мурожаат этмоқчиман: Ҳурматли инсон, келинг, бугун Мирзаобод, Оқолтин ҳамда Сардоба туманларида амалга оширилган ишларни биз билан биргаликда, ўз кўзларингиз билан кўринг!..

 

Ўрол Ўрозбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш