Маданий хордиқ сотиб олинмайди

 

Яхши хордиқ эртанги иш сифатининг кафолати эканлиги кўз юмиб бўлмас ҳақиқатдир. Халқимиз “Яхши дам – меҳнатга ҳамдам”, деб бежизга айтмаган.

Самарали меҳнат қилиш учун албатта, инсон энг аввало яхши дам олиши, маданий хордиқ чиқариши зарур. Бу ўз навбатида инсонга психологик муолажа бўлади. Инсон эстетик завқ олади, прогрессив ғоялар яратилишига сабаб бўлади, ҳам жисмонан, ҳам маънан ором олади.

Бугун пойтахтимизда маданий хордиқ олишга арзигулик жойлар талайгина. Театр бўладими, боғлар, дам олиш масканлари. Инсон маданий дам олиши учун кўп имкониятлар мавжуд. Лекин кейинги йилларда дам олиш масканларининг тижоратга айланиб бораётгани дилни хуфтон қилади.

Шу кунларда Tashkent City ҳудудидаги хиёбонга кириш учун тўлов ўрнатилгани фаол муҳокама этилмоқда, ижтимоий тармоқларда энг кўп муносабат билдирилаётган мавзуга айланди.

Бу нимадан далолат?

Биринчидан, байрам кунлари арафасида аҳолида фарзандлари, яқинлари, оиласи билан маданий хордиқ олиш эҳтиёжи юқори экани яққол сезилмоқда.

Иккинчидан, пойтахтимизда оммавий дам олиш масканларининг тижорат билан қоришиб кетгани, бемалол сайр қиладиган ҳудудлар жуда камайиб қолгани ҳақли эътирозларни келтириб чиқармоқда.

Хиёбон халққа хизмат қилиш учун эмас, тижорий мақсадларда фойдаланиш йўлига ўтиб бормоқда. Ваҳоланки, бундай мажмуалар давлат Бюджетидан катта маблағлар, кўплаб имтиёзлар эвазига бунёд этилган. Энди уни пул топиш манбасига айлантиришга уриниш, нафақат уриниш, балки одамларнинг дам олиш, сайр қилиш эҳтиёжларига беписандлик билан муносабатда бўлиш мантиқсизлик.

“Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси давлат унитар корхонаси хиёбонга қандай асосга кўра хиёбонга киришга тўлов ўрнатиб олди? Нега тўсатдан бундай буйруқ қабул қилинди?..

Эҳтимол асослар бордир, лекин уларни тушунтириб бериш керак бўлади. Бу масалада буйруқ чиқарган идорадан изоҳ сўраб қоламиз.

 

Аброр Қурбонов

← Рўйхатга қайтиш