Ҳаёт ўзгарди, замон янгиланди. Бу халқимиз, одамларнинг дунёқараши, онгу тафаккури, ҳуқуқий маданияти, сиёсий фаоллиги ошиб бораётганида ҳам намоён бўлмоқда. Шунга яраша одамларнинг ислоҳотларга қизиқиши ҳам, талаби ҳам ошди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ана шундай ўзгариш ва юксалишларга мос ишлашга ўтмоқда.
Партия Марказий Кенгаши ташаббуси асосида Тошкент шаҳар кенгаши билан биргаликда пойтахтимиздаги сўлим “Ашхобод” сайилгоҳида янгича усулда ўтказилган тарғибот тадбири бунинг амалий ифодаси бўлди, дейиш мумкин.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 20 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси парламентга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар муносабати билан сайлов кампанияси бошланганини расман эълон қилди. Бу йилги сайлов халқимизнинг кайфияти ва ислоҳотларга ишончи ортиб бораётган бутунлай янгича муҳитда, янгича ҳуқуқий шароитда ўтади. Шунинг учун сайловчилар сиёсий партиялардан қатъий таклиф ва ташаббуслар кутяпти. Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу жараёнда юксак масъулиятни зиммасига олиб, сайлов кампаниясига киришмоқда.
Партия сайловолди тадбирларни, аҳоли билан учрашувларни бутунлай янгича шаклда ўтказишга интилмоқда. Хусусан, тарғибот тадбирларини зерикарли, бир томонлама маъруза шаклида ташкил этишдан воз кечиб, эркин мулоқот ва фикр алмашиш усулида ўтказишга жазм қилди.
“Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз” шиори остидаги тарғибот тадбири ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли тарзда очиқ майдонда ўтказилди. Ота-оналар фарзандлари билан, ёшлар дўсту ҳамроҳлари билан иштирок этди.
Янгича форматдаги тарғибот тадбирини Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов кириш сўзиб билан очиб, сайловларнинг юртимиздаги демократик жараёнларни жадаллаштиришдаги аҳамияти, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида қисқача маълумот берди.
Партия, биринчи навбатда, давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий ҳимоясига муҳтож аҳоли вакилларининг манфаатларини ифода этиши, ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия ғоялари учун курашишини таъкидлади.
– Бу йилги сайлов халқимизнинг кайфияти ва ислоҳотларга ишончи ортган бутунлай янгича муҳитда ўтиши кутиляпти. Таъбир жоиз бўлса, янги Ўзбекистон янги сайловларга кириб боряпти. Шунинг учун сайловчилар сиёсий партиялардан қатъий таклиф ва ташаббуслар кутяпти. Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу жараёнда юксак масъулиятни зиммасига олиб, сайлов кампаниясига киришди.
Сайловга тайёргарлик жараёнининг энг муҳим жойи бу, албатта, Сайловолди дастурини ишлаб чиқишдир. Партиямиз ушбу ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга ҳам янгича ёндашди. Дастурни кабинетда ўтириб эмас, оддий одамлар билан бамаслаҳат иш тутиб ёзишга алоҳида эътибор берилди. Яъни, биз аввал қандай масалалар муҳим эканини, қандай муаммоларни ҳал этишни орқага суриб бўлмаслигини халқимиз вакилларидан сўрадик. Шу асосда олдимизда турган вазифаларни белгилаб олдик, – дейди партия етакчиси.
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова одамларни ўйлантириб келаётган, партия Сайловолди дастурига киритилаётган долзарб ижтимоий масалалар, хусусан, “Яшаш минимуми” ва “Истеъмол саватчаси” тўғрисида қонунлар қабул қилиш зарурати, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, коммунал хизматлар тарифларини мувофиқлаштириш бўйича партия илгари сураётган ташаббуслар ҳақида маълумот берди:
– Партиямизнинг янги дастурида ижтимоий демократик давлат қуриш ғояси устуворлик қилмоқда. Ҳозир дастур ва Сайловолди дастур устида эксперт гуруҳи жиддий ишлаяпти. Унинг халқчиллигини таъминлаш бўйича ҳаракатлар олиб бориляпти. Унда ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муаммолар ечими бўйича таклифлар тайёрлаяпмиз. Бир сўз билан айтганда, партия кўпчиликни ўйлантириб келаётган, мамлакатимиздаги долзарб ижтимоий масалаларга эътиборни кучайтирди.
Хусусан, охирги пайтларда кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган масала “кам таъминланганлик” даражасини белгилаш бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмаслиги билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Оқибатда ижтимоий нафақаларни белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш жараёнларида қатор чалкашликлар кузатиляпти. Бу масалада халқаро амалиётни ўрганиш, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси каби меъёрларни мамлакатимиз қонунчилигида мустаҳкамлаш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари суряпмиз.
Тарғибот тадбири пойтахт туманларидан келган ногиронлиги бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига ҳам қувонч улашди. Шу куни ногиронлиги бўлган икки нафар фуқарога ҳомийлар томонидан махсус аравача ҳам топширилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида болажонлар учун байрамона дастур намойиш қилинди. Республика Қўғирчоқ театри жамоаси ижросида эртакнамо саҳна кўринишлари тақдим этилди.
Машҳур эстрада хонандалари чиқишлари ёшларга кўтаринки ва байрамона кайфият улашди. Санъаткор ва хонандаларнинг қувноқ чиқишлари ҳаммага кўтаринки кайфият улашди. Болалар иштирокида ўтказилган турли ноанъанавий ўйинлар ғолибларига совғалар берилди. Шунингдек, иштирокчиларига сайловлар, сиёсий партиялар ва мамлакатимиз парламенти фаолияти ҳақида саволлар берилди. Саволларга биринчи ва тўғри жавоб берган қатнашчилар ҳам совғаларга эга бўлди.
— Ушбу тадбирда иштирок этиш учун қизим билан Чилонзор туманидан келдик, — деди тадбир иштирокчиси Шахзода Муродова. — Ўзбекистон ХДП вакиллари уйимизга бориб, тадбирга таклиф этишганида, бу тадбир сайилгоҳда ташкил этилиши ҳақида айтишганда фарзандим жуда қувонди. Қизимга қўғирчоқ театрининг саҳна чиқишлари, эстрада хонандаларининг куй-қўшиқлари манзур бўлди...
— Ёшим 60 да, — дейди Замира Холтўраева. — 16 нафар неварам бор. Дам олиш куни уларни бир сайр қилдирай, деб сайилгоҳга олиб келгандим. Невараларим билан айланиб юрсак, мусиқа овози эшитилди. Тўғри шу томонга келдик, катта байрамнинг устидан чиқдик. Бугунги тадбир бизга жуда маъқул келди. Халқ демократик партияси номига муносиб бўлиб, доимо халқ, оддий одамлар орасида юрсин.
Халқ демократик партияси очиқ майдондаги янгича тарғибот тадбирларини мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказишни режалаштиргани маълум қилинди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.