Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова Бўстонлиқ туманига борди. Туман ҳокимлиги биносида сайловчилар билан учрашув ўтказилди, фуқаролар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Қабул қилинган қонунлар қандай ишлаяпти? Жамиятимизда қандай қонунларга, қайси қонуннинг қандай меъёрларини мустаҳкамлашга эҳтиёж юзага келмоқда? Сайловчилар, хусусан, электорат вакилларининг муаммолари ҳал бўлиши учун нима қилмоқ керак? Депутат учрашув мобайнида ушбу масалаларга эътибор қаратди.
Шундан сўнг сайлов округларида аҳолини ўйлантираётган муаммолар таҳлил этилиб, уларни ҳал этишга амалий ёрдам кўрсатилди.
Депутат ва ҳокимлик вакиллари Бўстонлиқ туманидаги “Чорбоғ” ҳудудида қурилиши тўхтаб қолган касалхона ва поликлиникага боришди. ТТБ бошлиғи ва вилоят ССБнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари ва бошқа мутасаддилар билан шу ҳақида атрофлича гаплашилди, муаммони ҳал этишга эътибор қаратилди.
– Ушбу шифохоналар ишга тушса, қанчадан-қанча одамларнинг оғири енгил бўлади, узоқ йўл босиб, касалхонага боришга ҳожат қолмайди. Аҳолига тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошади. Муаммони яқин орада ҳал этиш чораларини кўришимиз керак. Мутасадди ташкилотлар раҳбарлари чала қолган ишларни тугатишга, шифохонани жиҳозлаб, яқин кунларда топширишга ваъда беришди, – дейди депутат.
Туман ҳокими Жўрабек Аҳмедов ҳамда депутат Қизилгул Қосимованинг ёшлар билан учрашуви ўтказилди. Унда ёшлар бандлигини таъминлаш, ёш тадбиркорлар учун кредит бериш, ногиронликни белгилаш, уй олишда субсидиялар ажратиш, йўл ва коммунал масалалардаги муаммолар очиқ-ойдин айтилди. Йиғилишда ёшларнинг ушбу йўналишлардаги мурожаатларини ҳал этиш бўйича туман мутасаддиларига қатор топшириқлар берилди.
Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти давом этмоқда.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати