Ижтимоий масалаларни жараённинг ичига кириб ўрганиш зарур

 

Жорий йил ҳисобида сайловчилар билан охирги учрашувлар ташкил этилди. Дастлаб ижро ҳокимияти масъуллари билан учрашувлар жадвали тузиб олиниб, маҳалла раислари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилинди.

Тақвим асосида 4 та ҳудудда 24 та маҳалла раислари ва аҳоли билан сайёр учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари, тумандаги Президент халқ ҳамда Бош вазир қабулхонаси мудирлари, ташкилот ва идора раҳбарлари иштирок этишди.

Тадбирлар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда муҳокамада бўлган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Сайёр учрашувларда сайловчилар томонидан тадбиркорлик ва боғдорчилик учун ер ажратиш (7 та), ичимлик суви (18 та), газ (17) ва электр энергия (23та) таъминоти, болалар боғчаси (10 та), мактаб қуриш (7 та) бўйича, йўлларни таъмирлаш (19 та), уй-жойга бўлган эҳтиёж (7 та) ҳамда бошқа масалалар (30 та) юзасидан жами 138 та мурожаатлар қилинди.

Кўриниб турганидек, мурожаатларнинг қарийб барчаси маҳаллий даражада ҳал этиладиган масалалар. Айрим муаммолар жойида ҳал этилди. Шунингдек, муддат ва маблағ талаб этиладиган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли вазифалар белгилаб берилиб ҳал этилиши назоратга олинди. Қонунчиликка таклифлар ва республика даражасида ҳал этиладиган масалалар белгиланди.

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йилнинг 16 декабрдаги видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар бўйича Денов тумани аҳолисини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир билан таъминлаш бўйича ҳолат ҳам ўрганилди.

Айтиш керакки, ҳозирда туманда хатлов натижаларига кўра қўшимча 1200 та газ баллонларига эҳтиёж мавжуд. Шу билан бирга, электр энергияси ва табиий газ таъминотида ўрнатиладиган чекловлар тўғрисида айрим маҳаллалардаги истеъмолчиларни расмий равишда ўз вақтида хабардор қилмаслик ҳолатлари аниқланди.

Кўмир омбори томонидан ижтимоий соҳа объекларида 3396 тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилган. Аҳоли истеъмолчиларига кўмир маҳсулоти етказиб бериш 66,5 %га бажарилган. Айни пайтда омборда 311 тонна кўмир захираси мавжуд. Аммо, кўмирнинг сифати паст эканлиги бўйича аҳоли томонидан эътирозлар билдирилган. Юқоридаги камчиликларни ижрочилар томонидан бартараф этиш юзасидан депутатлик назорати ўрнатилди.

Ҳудудда аҳоли истеъмоли учун бирламчи, зарур маҳсулотлар яъни, гўшт, шакар, гуруч, ўсимлик ёғи, тухум, картошка, пиёз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари учун 20 та музлатгич, сиғими 8,5 минг тоннани ташкил қиладиган омборларларда захираси қилинган бўлиб, мавсум тугагунча маҳсулотларни сақлаш имкониятлари етарли.

Округдаги фаолиятимиз давом этмоқда.

 

Фирдавс Шарипов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш