Юзма-юз кўришиб, мурожаатлар тингланди

 

Хабарингиз бор, 17-21 декабр кунлари депутатлар, хусусан, ЎзХДП фракцияси аъзолари ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.

Фракция аъзоси Зуҳра Шодиева Оққўрғон ва Қуйичирчиқ туманларида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борди.

Дастлаб Оққўрғон шаҳридаги 78-ихтисослаштирилган мактаб интернатида кенг жамоатчилик вакиллари ва ўқитувчилар билан учрашув ўтказилди. Мактабда яратилган шарт-шароитлар, ўқув-тарбия ишлари, иссиқлик тизимининг ҳолати ўрганилди.

Маълум бўлишича, ушбу мактаб биноси ва унинг ётоқхонаси 1963 йили қурилиб, шу йили мактаб – интернат ўз фаолиятини бошлаган. У 350 нафар ўринли бўлиб, уларга 50 нафар олий маълумотли ўқитувчилар, 50 нафар тарбиячилар таълим ва тарбия бериб ва ҳунар ўргатишмоқда. Ўқувчилар томонидан ишланган қўл ҳунар ишлари кўргазмали қуроли ташкил этилиб, қўлигул тарбияланувчилар рағбатлантирилади.

Мактаб директори Ҳидоят Мадаминованинг айтишича, яқин вақтгача мактаб биноси, ётоқхоналар, иситиш тармоқлари, болалар кийим-кечаклари ҳозирги талаб даражасида эмас эди. Аммо охирги 3 ой ичида давлат ва ҳомийлар томонидан ажратилган пул маблағларига болаларга кийимлар келтириб берилди, мебеллар янгиланди, ётоқхона жиҳозланди. Синфхоналарга 4 та компьютер олиб борилди. Ходимларнинг фаолият олиб боришлари учун ҳамма қулай шароитлар яратилди. Кутубхона ўқув китоблари, бадиий адабиётлар билан таъминланди.

Шундан сўнг депутат З.Шодиева туман тиббиёт бирлашмасининг туман Марказий поликлиникасига борди. Поликлиника мудири Музаффар Раҳматиллаевнинг таъкидлашича, яқинда поликлиника биноси тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Лекин айрим жойлари ва иситиш шаҳобчаси тўлиқ талабга жавоб бермайди. Иссиқ сув бир текис иситиш тармоқларига етиб бормаяпти.

Кейинги манзил тумандаги “Гулистон” МФЙнинг “Абай” маҳалласи бўлди. Маҳалла аҳолиси номидан шу маҳаллада яшовчи Абдумўмин Каримов ариза орқали мурожаат қилган эди. Депутат аризада кўрсатилган жойларни кўриб чиқди.

Маълум бўлдики, йўллар аҳволини яхшилаш, газ, электр қуввати, водопровод сувини яхшилаб бериш учун 2011 йилдан бери юқори ташкилотларга ариза билан чиқишган, электр қуввати таъминоти яхшиланган, лекин кўча чироқлари ўрнатилмаган. Ичимлик суви таъминотини ўзларининг маблағлари ҳисобидан яхшилаб олинган. Газ таъминотининг маълум қисми ўз маблағлари ҳисобидан яхшиланган. Маҳаллада яроқсиз ҳолга келиб қолган 2220 метр йўл таъмирталаб даражада.

Кейинги учрашув “Зарбдор” МФЙ аҳолиси билан бўлиб ўтди. Учрашувда мактабларда спорт заллари йўқлиги, ҳудудлар ичидаги йўлларнинг носозлиги, водопровод суви таъминоти яхши эмаслиги, томорқаларининг ариқ суви таъминоти етарли эмаслиги тўғрисида шикоятлар бўлди. Ариқ сувини кўпайтириб бериш учун “Тошкент канали” га битта сув насоси ўрнатиб берилишига амалий ёрдам кўрсатилишини сўрашди.

Депутат “Оққўрғон деҳқон бозори”га ҳам борди. Нарх-наво билан яқиндан танишди. Шундан сўнг туман халқ таълими бўлими томон йўл олишди. Бўлим мудири Бекзод Мирзақулов мактабларда компьютер етишмаслиги, 32-умумий ўрта таълим мактаби ҳудуди деворлар билан ўралмаганлиги тўғрисида гапирди.

Депутат З.Шодиева ҳар бир мурожаат эътибор марказида эканлигини, уларни ҳал этиш учун астойдил интилишини таъкидлади. Уларнинг аксарияти бўйича зарур чоралар белгиланиб, мурожаатларни ўрганиш ва ҳал этиш тегишли иш режасига киритилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш