Ер участкаларини беришда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

 

Ер умуммиллий бойликдир, у халқнинг битмас-туганмас мулки ҳисобланади. Ер, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг асосини ташкил этади. Том маънода одамларни боқади, кийинтиради. Демак, уни асраш, ҳар қаричидан самарали фойдаланиш барчамизнинг бурчимиздир. Шунинг учун мамлакатимизда ердан оқилона фойдаланиш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш, ҳар бир қарич ернинг ҳисоб-китобини юритиш, ерлардан фойдаланишда учраётган салбий ҳолатларни тезкорлик билан аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Айни кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ер кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокама этилмоқда. Бу орқали қонунчиликда бир қатор муҳим янгиликларни жорий этиш назарда тутилмоқда.

Маълумки, амалдаги Ер кодекси 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган. Унга бугунга қадар бир неча бор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлса-да, ўтган 22 йил давомида янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмаган эди. Ушбу кодексда 20 тадан ортиқ ҳавола берувчи нормалар мавжуд, шунингдек, бир қатор масалаларнинг амалиётда ҳуқуқий ечимини топиш зарурати юзага келди. Масалан, амалдаги Ер кодексида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш, ер участкаларининг хусусий мулкдорларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ер участкалари билан боғлиқ зарарларни қоплаш бўйича нормалар йўқ.

Бундан ташқари, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида, жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан белгиланган мақсадда, оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиш ҳолатларини ҳамда ер хусусидаги низоларни ҳал этишда ваколатга эга давлат органларининг функциялари белгиланмаган. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ер участкаларини ажратишда шаффофликни таъминлаш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг чекланиши ва уларни бекор қилиш, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва уларни тиклаш, ердан фойдаланувчиларга етказилган зарар ўрнини қоплаш асослари, ерлардан, жумладан, тупроқдан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича, шунингдек, ер хусусидаги низоларни ҳал этувчи органлар тўғрисидаги нормалар ҳам мавжуд эмас.

Шуларни инобатга олиб, Ер кодекси лойиҳаси янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги, жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан белгиланган мақсадда оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиш ҳолатларини ҳамда ер хусусидаги низоларни ҳал этишда ваколатга эга давлат органларининг функциялари амалдаги таҳрирда белгиланмагани ҳам кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишга асос бўлди.

Кодекс лойиҳасининг 8-бобида ер участкаларини бериш (сотиш) тартибига бағишланган. Унга кўра, ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон аукциони орқали берилиши ўрнатилиши муносабати билан, бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ер бериш тартиби белгиланмоқда. Ер участкасини бериш масалалари ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилаётганлиги сабабли чиқарилмоқда.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкалари қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ери бўлиши мумкин эмаслиги сабабли чиқарилмоқда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фақат ижарага бериш назарда тутилади. Шунингдек, “Ўрмон тўғрисида”ги Қонун талабларига кўра, ўрмон хўжалигини юритиш, шунингдек, ўрмон эҳтиёжлари учун ер участкалари бериш тартиби белгиланмоқда. Қишлоқ хўжалиги ерларини тежаш мақсадида шаҳар ва шаҳарчаларда уй-жой қуриш ер участкалари нормаларини 0,04 гектаргача камайтириш кўзда тутилмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида янги норма киритилмоқда. Шунингдек, аҳоли пунктларида муҳандислик коммуникацияларни қуришда маблағларни тежаш мақсадида алоҳида ҳоллар белгиланмоқда.

Амалдаги Ер кодексида ер участкалари қайси ҳолларда берилиши ва қайси ҳолларда унга бўлган ҳуқуқ сотилиши белгиланмаган, бу эса жойларда тушунмовчиликка олиб келмоқда. Шу камчиликни бартараф этиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларидан келиб чиқиб, ер участкалари тўловсиз бериладиган фуқаролар тоифаси белгиланмоқда. Деҳқон хўжаликликларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тўлдирилмоқда. Ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ижара ҳуқуқи билан ер бериш нормалари киритилмоқда.

Албатта, тириклик манбаи бўлиб келган ернинг ҳар қаричидан оқилона фойдаланиш иқтисодий барқарорлик кафолати, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Дунёда аҳоли сонининг ўсиб бориши, саноатнинг жадал суръатларда ривожланиши, глобал иқлим ўзгариши оқибатида сайёрамиз экологик ҳолатининг ёмонлашиши, ер ва сув ресурслари каби табиий неъматларнинг чекланганлиги шароитида инсониятнинг табиий ресурс бўлган ердан оқилона фойдаланишни талаб қилади. Янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси бу борада катта ҳуқуқий майдон яратиши аниқ.

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.

www.parliament.gov.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш