ЎзХДП фракциясининг бир йиллик фаолияти танқидий-таҳлилий сарҳисоб қилинди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида фракциянинг 2020 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди, хато ва камчиликлар очиқ муҳокама этилиб, келгуси вазифалар бўйича амалий таклифлар билдирилди.

Йиғилишда дастлаб фракция раҳбари Улуғбек Иноятов фракциянинг бир йиллик фаолияти ҳақида қисқача ахборот берди. Фракция бутун фаолиятини “Халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган ғоя асосида амалга оширганини таъкилади.

Аввало, мамлакатимизда юзага келган янгича сиёсий мулоқот муҳити партияларга жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини ифода этиш ва амалда ҳимоя қилиш имкониятларини таъминлаётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича Президентимиз қабул қилган қарорда эркинлик ва фаровон яшаш ғояси шиор сифатида танланганида чуқур маъно-мазмун мужассам. Ўзбекистон давлат раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси билан демократик тараққиёт йўлидан бормоқда. Президентимиз ташаббуси асосида халқ билан бамаслаҳат ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсади ҳам халқимизни том маънода бахтли қилишдан иборатдир.

Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та устувор йўналиши давлат ва жамият ривожланиши, том маънода Янги Ўзбекистон бунёд этилишида 5 та таянч, устун вазифасини ўтаётгани, охирги йилларда ана шу муҳим таянчларни мустаҳкамлаш бўйича улкан, стратегик ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.

Кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм тамойиллари амалда рўёбга чиқишига кенг йўл очилмоқда. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиш, Сайловолди дастурида белгиланган ғояларни илгари суриш, электорат манфаатлари нуқтаи назаридан қонунчиликни такомиллаштириш, ҳукумат, мутасадди ташкилотлар олдига масалалар қўйиш борасидаги ҳуқуқлари амалга ошаётгани алоҳида таъкидланди.

Халқ демократик партияси Сайловолди дастуридаги 5 та йўналиш бўйича ижтимоий-иқтисодий соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришга, давлат томонидан ижтимоий масалалар ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Йил бошида партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, фракциянинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги режаси тасдиқланган эди. Мазкур режага асосан 26 та йўналишда қонун ташаббусларини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари шакллантирилди. Бугунги кунга қадар, фракциянинг қонун ижодкорлиги режасидан ўрин олган 6 та қонун ва қонун ҳужжатлари фракция депутатларининг бевосита иштирокида ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Фракция раҳбари депутатларнинг ташаббуси сифатида 4 та қонун лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлади. Мисол учун, “яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчаси” тушунчаларини қонунчиликда мустаҳкамлаш бўйича қонун лойиҳаси ва концепцияси ишлаб чиқилиб, кўриб чиқилиши учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига юборилди.

Жорий йилда 70 дан ортиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ишлаб чиқилган ва кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари жойларда муҳокама қилиниб, улар бўйича 280 дан ортиқ таклиф ва фикр мулоҳазалар олиниб, тегишли тартибда қўмиталарга тақдим этиб борилмоқда.

Шу билан бирга, фракция томонидан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари қонунчилик ташаббуси сифатида тайёрланиб, хулосалар олиш учун тегишли вазирликларга жўнатилган.

Мисол учун, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасига фракциянинг 100 дан зиёд таклифлари берилиб, уларнинг аксарияти қабул қилинди.

Жуда катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга фракция депутатларининг қатъияти билан электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган муҳим таклифлар киритилгани қайд этилди.

«Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳамда партия Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, 31 марта долзарб муаммо юзасидан 26 та вазирлик ва ташкилотларнинг ахборот-ҳисоботлари танқидий эшитилди. Эшитув якунларига кўра, муаммоларни бартараф этишга қаратилган тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда, шунингдек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Маълум бўлишича, фракцияга фуқаролар томонидан 4508 та ёзма, виртуал ва оғзаки мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларни барчаси белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, шундан, 2809 таси қонунчиликка асосан тегишлилиги бўйича вазирлик ва ташкилотларга юборилиб, муҳокамалар ўтказилди. Мурожаатларнинг 2326 тасини ижобий ҳал этишга эришилди.

Бундан ташқари, фракция аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан 27 марта депутат сўрови юборилди. Депутатлик сўровларининг барчасига жавоб олинди.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоларининг 17-21 декабрь кунлари ўз сайлов округларида ўтказган учрашувларида кўтарилган масалалар муҳокама этилди. Қайд этилдики, мазкур учрашувлар сайловчилар билан бевосита мулоқотда бўлиш, мурожаатларни қабул қилиб ҳал этиш чораларини белгилаш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қандай масалалар юзага келаётганини аниқлашда жуда муҳим аҳамиятга эга.

Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти давомида ҳукумат ва вазирликлар зиммасидаги вазифалар ижроси бўйича бир қатор камчиликлар аниқланди. Хусусан, электр энергияси, газ таъминоти, умуман, коммунал хизматлар сифатини яхшилаш борасида деярли барча ҳудудларда муаммолар кўзга ташланаётгани айтилди. Фракция аъзоларига шу бўйича 50 дан ортиқ мурожаат тушган. Депутатлар шу ва бошқа масалалар юзасидан таклифлар билдирди.

Хусусан, фракция аъзоси Дилбар Мамаджанова жойларда кўмир таъминоти ва унинг сифати бўйича депутатлик сўрови жўнатиш зарурлигини таъкидлади. Депутат Муқаддас Ўразалиева аҳолини иш билан таъминлаш, ишсиз ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш долзарб вазифа бўлиб турган бир пайтда айрим ҳудудларда касб-ҳунар коллежлари фаолиятини йўлга қўйиш масаласи охирига етказилмаётганини қайд этди. Бу масалада белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳукуматга депутатлик сўрови киритиш кераклигини таъкидлади.

Қайд этилдики, жойларда электр энергияси, газ таъминоти, умуман, коммунал хизматлар сифатини яхшилаш масаласида мутасадди вазирликлар фаолияти бўйича парламент назоратини тизимли йўлга қўйишга эришиш зарур.

Жойларда тиббий хизмат сифатини яхшилаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник таъминотида муаммоли ҳолатлар юзасидан соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъулиятини ошириш муҳим.

Таълим муассасаларини таъмирлаш, ўқув ва лаборатория ускуналари билан таъминлаш ишларида биринчи навбатда энг муҳим объектларни инвестиция дастурларига киритиш заруратидан келиб чиқиб, бу бўйича Халқ таълими вазирлиги билан бирга, шаффоф, адолатли механизм яратиш бўйича таклифлар бериш зарурлиги таъкидланди.

Жойларда фуқаролар, айниқса, партиямиз электорати вакилларининг мурожаатлари эътиборсиз қолмаслиги, уларга амалий ёрдам кўрсатилиши бўйича Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликни кучайтириш муҳим масала экани кўрсатиб ўтилди.

Депутатлар билдирган таклифлар асосида фракциянинг келгусидаги устувор вазифалари белгилаб олинди.

Йиғилиш давомида бир қатор қонун лойиҳалари ҳам Халқ демократик партияси электорати манфаатларидан келиб чиқиб, қизғин муҳокама этилди.

Кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш