Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича Президент қароридан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди

 

2020 йил 25 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси депутатлари, партия Марказий Кенгаши раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда ҳудудий студиялардан минтақавий партия кенгашлари раҳбарлари, 300 нафарга яқин депутатлар ва партия фаоллари иштирок этди.

Йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг сайловдан кейинги бир йиллик фаолияти, Сайловолди дастури ижроси, дастурлар ва лойиҳалар натижалари сарҳисоб қилинди, хато-камчиликлар очиқ муҳокама этилди.

Ижроия қўмита йиғилишини Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очиб берди ва кун тартибига кўра, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари, электорат манфаатлари ҳисобга олиниши бўйича сиёсий позиция билдирди.

Таъкидландики, партия ташкилотлари, парламентдаги фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмалар ўз фаолиятида “Халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган бош ғояга таянган ҳолда фаолият кўрсатди. Парламентдаги қонун лойиҳалари муҳокамаларида, ҳукумат ва вазирликлар ҳисобот ва ахборотларини эшитишда, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни танқидий-таҳлилий ўрганиб, кўтариб чиқишда, баҳс-мунозара, савол-жавоблар жараёнида мана шу ғоя асос бўлди.

Партия етакчиси мамлакатимизда юзага келган янгича сиёсий мулоқот муҳити партияларга жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини ифода этиш ва амалда ҳимоя қилиш имкониятларини яратаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича Президент қарорида белгиланган йўналиш ҳамда вазифалар  бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этиш муҳим масала эканлигига эътибор қаратди. Бу борада партия олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Қайд этилдики,  “Халқ манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган партиямизнинг бош ғоясига ҳамоҳанг бўлган “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” ва “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойиллар асосида ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни таъминлаш бўйича эришилаётган натижаларни одамлар ҳаётидаги реал ўзгаришлар мисолида тушунтириш керак.

Қонун устуворлиги ва судларнинг мустақиллигини таъминлаш аҳамияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг вакиллик органлари ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизимининг йўлга қўйилгани, фуқароларнинг, жумладан, ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳақида, етук мутахассисларни жалб этган ҳолда амалий тадбирлар ташкил этиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Партия ташкилотлари ва депутатлар ўз фаолиятида иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсирларни қисқартириш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш дастурлари, камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси таҳлилига алоҳида урғу бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Биз бў йўналишдаги ислоҳотларни, долзарб вазифаларни электорат вакилларига қандай чуқур тушунтирсак, уларни ижтимоий-иқтисодий фаолликка тарғиб қилсак, жамиятда ҳар томонлама ўсиш, ўзгариш бўлади, деди У.Иноятов.

Шунингдек, аҳолини турар жой билан таъминлаш, хусусан намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш, кекса авлод вакилларини, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёрдам ва кўмакка муҳтож фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил этиш муҳим вазифа эканлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда алоҳида қайд этилдики, Халқ демократик партияси мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий соҳадаги ислоҳотларни электорат манфаатлари нуқтаи назаридан самарали, деб эътироф этади. Бугунги мураккаб шароитда ўз вақтида яратилган тезкор механизмлар коронавирус пандемияси даврида давлатнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш функцияси муваффақиятли бажарилишига хизмат қилганини таъкидлади.

Хусусан, пандемия шароитида “темир дафтар”лар ташкил этилиб, эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар қўллаб-қувватланмоқда. Ўтган даврда “Темир дафтар”га киритилган 401 мингга яқин эҳтиёжманд оиладаги 472 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича манзилли режа амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси билан “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ташкил этилиб, юритилмоқда.

Партия ижтимоий ҳимояни ҳуқуқий жиҳатдан тизимлаштириш, камбағалликни янада самарали қисқартириш учун “Яшаш минимуми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарур, деб ҳисоблайди. Қонун лойиҳаси фракция ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилиб, ҳукуматга тақдим этилди. Уни қабул қилиш нафақат фракция, балки барча партиядошлар учун принципиал масала экани таъкидланди.

Йиғилишда якунига етаётган жорий йилда партиямиз дастурий мақсадлари, электорат манфаатлари узвий билан боғлиқ бўлган, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган янги қонунларга тўхталиб ўтилди.

Хусусан, узоқ муҳокамалардан сўнг қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун билан 700 минг нафардан ортиқ юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланадиган бўлди.   Жуда катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга фракция депутатларининг қатъияти билан электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган муҳим таклифлар киритилди.

Фракция раҳбарининг айтишича, жорий йилда Давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳамда партия Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, фракция ташаббуси билан 31 марта долзарб масала юзасидан 26 та вазирлик-идораларнинг ахборот-ҳисоботлари танқидий эшитилди.

Қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан 800 дан ортиқ таклиф ишлаб чиқилди, уларнинг 400 га яқини қонунларни қабул қилиш жараёнида инобатга олинди. Биргина “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасига фракциянинг 100 дан зиёд таклифлари берилди. Буларнинг барачси партия электорати манфаатларини нуқтаи-назаридан муҳимлиги айтилди.

2020 йилда мамлакат томонидан, давлат раҳбари томонидан партиямизнинг дастурий йўналишлари, электорат манфаатларини ҳимоя қиладиган муҳим қарор ва дастурлар амалга оширилди. Халқ демократик партияси уларни қўллаб-қувватлайди ва самарадорлигини ошириш учун фаол иштирок этади, деди У.Иноятов.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш