Халқ демократик партияси 2020 йилдаги фаолиятини сарҳисоб қилиб, келгуси йил учун асосий вазифаларни белгилаб олди

 

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси депутатлари, партия Марказий Кенгаши раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда ҳудудий студиялардан минтақавий партия кенгашлари раҳбарлари, 300 нафарга яқин депутатлар ва партия фаоллари иштирок этди.

Йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг сайловдан кейинги бир йиллик фаолияти, Сайловолди дастури ижроси, дастурлар ва лойиҳалар натижалари сарҳисоб қилинди, хато-камчиликлар очиқ муҳокама этилди.

Ижроия қўмита йиғилишида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов партиянинг жорий йилдаги фаолияти танқидий таҳлил этилиб, келгуси йилдаги устувор вазифалар ҳақида таклифлар билдирилди.

Партиянинг 2020 йилдаги фаолияти ана шу нуқтаи-назардан танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, парламентдаги партия фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова депутатлик бирлашмалари фаолиятида натижадорликни ошириш, партия мафкуравий фаолиятини кучайтириш масалалари тўғрисида маъруза қилди.

Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ўз эътиборини Сайловолди дастури ижросини таъминлаш, сайловчиларга берилган вадаларни бажаришга қаратди. Шундан келиб чиқиб, партия ўзининг сайловолди дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларини амалга оширишда иштирок этиш бўйича амалий Ҳаракат дастурини қабул қилди.

Партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида 15 та лойиҳа ва акциялар, 202 маротаба масофавий ўқувлар, 700 та маҳаллада партия ғоялари тарғиботига қаратилган давра суҳбатлари, 710 маротаба муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларга бағишланган тадбирлар ташкил этилди. Ўтказилган тарғибот ишлари билан 472 минг фуқаролар қамраб олинди. Тарғибот ишлари жараёнида 2105 та манзилли йўқлов тадбирлари, 56 та меҳнат ярмаркалари амалга оширилди.

Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 3917 нафар хотин-қизлар доимий ишга жойлаштирилди, 8000 нафар хотин-қиз эса ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган ҳолда бандлиги таъминланди. 5000 нафар ёшларнинг доимий ва мавсумий ишларга жалб қилинишига, 1800 нафар ёшларга деҳқончилик қилиш учун ер ажратилишига эришилди.

28200 нафар фуқарога ўз ишини бошлаши учун банк кредитлари олишида ёрдам кўрсатилди. 620 нафар оғир турмуш шароитидаги аёлларга субсидиялар олиб берилди. 13 нафар хотин-қизларга арзон уй-жой билан таъминланишига амалий ёрдам кўрсатилди. 65 нафар оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларнинг уй-жойлари депутатлар кўмагида таъмирлаб берилди.

41 150 нафар хотин-қизларга депутатлар томонидан хайрия ва саховат ёрдамлари кўрсатилди. 10 нафар қизларга тикув машинаси тақдим этилди. 2860 нафар аёллар ва болалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллиги аниқланган 625 нафар аёлларга даволанишлари учун йўлланмалар олиб берилди. 35 нафар ногиронлиги бўлган инсонларга ногиронлик аравачалари берилди.

Шунингдек, йиғилишда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги депутатлик бирлашмалари фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Депутатлар томонидан партия амалий Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд қатлами ҳаётини яхшилашга реал таъсир кўрсатишга қаратилган кўплаб ташаббуслар илгари сурилгани алоҳида таъкидланди.

Қайд этилдики, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари томонидан электорат манфаатларидан келиб чиқиб, 935 та масала ўрганилди. Шундан 694 та масала тегишли вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг доимий комиссияларида кўриб чиқиш учун киритилди, 518 та масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, жойларда партия гуруҳлари ташаббуси билан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида тегишли соҳага оид масалалар юзасидан 327 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди. Аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан тегишли мансабдор шахсларга 7778 маротаба депутатлик сўровлари юборилди. Юборилган 4859 та депутатлик сўровларида кўтарилган масалалар ўзининг ижобий ечимини топди.

Партия кенгашларидаги жамоатчилик қабулхоналарига 12544 та мурожаатлар келиб тушди. Уйма-уй юриш натижасида аҳолини ўйлантираётган йўл таъмирлаш, электр энергияси, сув таъминоти, янги иш ўринларини яратишга оид 16000 та масала ўрганиб чиқилди, уларни ижобий ҳал этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Йиғилишда, шунингдек, партия фаолиятидаги хато ва камчиликлар очиқ-ойдин таҳлил қилинди. Айрим минтақавий ва маҳаллий ташкилотлари томонидан ўтказилаётган тадбирлар тизимли равишда маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда керакли мазмун билан тўлдирилмаяпти. Жойларда кадрлар қўнимсизлиги тез-тез кузатилмоқда. Партиянинг айрим кенгашлари бугунги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси, ҳудуддаги ҳақиқий етакчиси сифатида ўзини намоён қила олмаяпти. Шу боисдан, жойларда тарғибот ва ташвиқот ишлари самараси кутилган натижани бермаётгани танқид остига олинди.

Бундан ташқари маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги партия гуруҳларининг ҳудудлардаги мавжуд ижтимоий-иқтисoдий муаммoларни муҳокама қилиб, доимий комиссия ва сессияларга олиб чиқиш борасидаги ишларини ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди. Масалан, шу кунга қадар Навоий ва Сурхондарё вилоятларида партия электорати манфаатларига дахлдор масалаларни муҳокама қилишда энг кам кўрсаткич қайд этилган бўлса, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида партия гуруҳлари томонидан белгиланган масалаларни сессия даражасига олиб чиқишда паст натижалар кузатилгани айтилди.

Хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш жараёнларига етарли даражада эътибор қаратилмагани, ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, тасдиқланган йўл харитаси ва манзилли режа ва дастурларнинг ижроси таъминланмагани қайд этилди.

Партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари келгуси хато ва камчиликларни бартараф этишга жиддий эътибор бериши лозимлиги уқтирилди.

Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда жойлардаги партия кенгашлари ва депутатларнинг мустаҳкам алоқасини таъминлаш муҳим масаладир. Амалий Ҳаракат дастурининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан ҳар бир минтақанинг маҳаллий шароитлари, ижтимоий инфратузилма ва демографик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ечимини кутаётган масалаларни белгилаб олиши зарур. Бунда, депутатларнинг камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларда фаол бўлиши, мазкур йўналишда қатъий депутатлик назоратини амалга ошириши кераклиги юзасидан муҳим таклифлар билдирилди.

Партиянинг ижтимоий-сиёсий тадбирларини фақатгина фаол тарафдорлар ва аъзолар орасида ўтказиш амалиётидан воз кечиб, бевосита аҳолининг ижтимоий гуруҳлари ўртасида ташкил этишга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Бунда ижтимоий гуруҳларни қийнаётган ва уларнинг кайфиятига таъсир қиладиган масалаларни кенг муҳокама қилиш учун замонавий мулоқот шаклларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Ижроия қўмита йиғилишида, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафаев партия ташкилотлари фаолиятини тизимли ислоҳ қилиш ҳамда фаолият самарадорлигини янада ошириш тўғрисида маъруза қилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича Қорақалпоғистон республика партия кенгаши раиси Халилла Ешимбетов, Навоий вилоят кенгаши раиси Мақсуд Нуруллаев, Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Олим Равшанов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши масъул ходимлари Малика Рашидова, Бахтиёр Абдуллаев партия ташкилотлари ва депутатларнинг қатъияти ва талабчанлигини ошириш, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда партиянинг фаол иштирокини ташкил этиш бўйича таклиф-тавсиялар беришди.

Ижроия қўмита йиғилишида, шунингдек, партия фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди ҳамда қарорлар қабул қилинди.

← Рўйхатга қайтиш