Сиёсий майдонда ёш раҳбар аёллар қаторидан ўрин олишга янада бел боғладим...

 

Бугунги кунда интеллектуал ва маънавий етук, ташаббускор ёшлар барқарор тараққиётнинг етакчиларидир. Аҳолининг ярмидан зиёдини ёшлар ташкил этадиган мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Ҳар қандай соҳада жонажон Ўзбекистонимизда ёшлар учун кенг имкониятлар яратилган.

Кечагина Ҳумо аренада катта байрамга уланиб кетган “Ўзбекистон ёшлар форуми 2020” бу имкониятларни янада кенг очиб бериб, ёшлар овози тингланаётганини исботлаб берди. Ушбу форумда давлатимиз раҳбарининг иштирок этиши, ҳақиқатдан ҳам ёшларга катта мотивация бўлди. У ерда айтилган таклифлар, мулоҳазалар Ўзбекистонда чинакам шижоатли, билимга чанқоқ, кўзларидан ўт чақнаб турган ёшлар камол топаётганидан далолатдир.

Давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари эса томирида ўзбек қони оқаётган ҳар бир ёшни тўлқинлантириб юборди десам муболаға бўлмайди: “Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман...” бу сўзлар ҳар қандай ёшни тўлқинлантириб юборади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ОАВ ва инновация масалалари қўмитаси сифатида яна бир нарсани айтиб ўтишни жоиз деб биламан. Президентимиз кечаги нутқларида айнан шу соҳаларга ҳам тўхталиб ўтдилар. Жумладан, “Ёшлар” каналида вазирлар, ҳокимлар ва мансабдор шахслар ҳамда ёшлар иштирокида очиқ мулоқот, ток-шоулар ўтказиш таклифини ҳам ижобий қабул қилиб, бунинг учун шароит яратиб беришни, келгуси йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманларимизда ахборот технологияларини чуқур ўргатадиган замонавий ўқув марказларини ташкил қилишни, ёшларга халқаро IT сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилишини, яқин икки йилда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 300 минг нафар ёшлар компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитилиши катта имкониятдир.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида, ҳудудларда ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилишини эълон қилдилар. Бу саноат зоналарида ўсиб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари жойлаштирилади дея таъкидланди. Яъни ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилиши ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилиши, жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштириши, бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилиши ҳақидаги сўзлари ҳам ёш тадбиркорларга ўз ишларига муҳаббат билан, меҳр билан ёндашишга туртки бўлди десам ҳам бўлади.

Президентимизнинг биз ёшлардан умидлари жуда катта. Бўлиб ўтган учрашувда ҳам ёшлардан лидер бўлишни такрор-такрор айтиб ўтдилар. Шу жиҳатдан, мана шундай лидер ёшлар қатлами вакиласи сифатида мен ҳам ҳозирдан, ўз кучим, билимим, тафаккурим билан сиёсий майдонда ёш раҳбар аёллар қаторидан ўрин олишга янада бел боғладим. Учрашув давомида ичимда ёнган олов эса, бу жараёнда токи кўзлаган мақсадларимга эришмагунимча ҳар сонияда туртки бериб туради.


Мафтуна Жўраева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ОАВ ва инновация масалалари қўмитаси раиси.

Теглар

yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш