Қанийди, ёшлигимга қайтиб қолсам...

 

Боғбон умид билан ниҳол эккани каби, ота она ҳам эзгу умид билан фарзандини дунёга келтиради, ардоқлаб катта қилади. Дарахтнинг ширин-шакар меваларидан баҳраманд бўлишни орзу қилган боғбондек, ота-она ҳам ўз фарзандини ақлли, меҳнатсевар, билимли, жамиятимиз тараққиёти учун ҳалол меҳнат қилувчи, маънан ва жисмонан баркамол қилиб тарбиялаш учун бор кучи ва имкониятини сарф этади. Ҳеч бир ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди, чунки, халқимиз айтганидек, фарзанд юракнинг ёғидан яратилган.

Агар ардоқлаб катта қилаётган фарзандингиз юрт отаси томонидан улуғланса, ўзингизданда юксакроқ меҳр кўрсатса, билим олиши, ҳунар ўрганиши учун барча имконият ва шароитларни яратиб берса, бундан ортиқ бахт бормикан?!

Куни кеча “Ўзбекистон Ёшлар Форуми”ни томоша қилиб, бугунги кун ёшларига ҳавас қилдим, тўғрисини айтсам, ёшлигимга қайтгим келди. Президентимизнинг Ўзбекистон ёшлари билан учрашуви тарихий воқеа, чунки қанча-қанча ёши улуғ инсонлар, тенгдошларимиз Юртбоши билан бир марта кўришсам, юзма-юз гаплашсам деб ният қилади. Юртбошимиз эса ёшлар билан учрашиш, уларни тинглаш ташаббусини ўзлари илгари сурдилар.

Президентимизнинг «Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман», — деган сўзлари ёшларимизнинг бугуни ва эртасига беэътибор эмасликларидан далолат беради.

Шунингдек, бундан буён барча даражадаги ҳокимлар, вазирлар ва масъул раҳбарлар ёшлар билан учрашувларни мунтазам равишда йўлга қўйиши, ҳокимлар ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаши зарурлиги айтилди. Шу масала бўйича ҳар 6 ойда маҳаллий кенгашларга ҳисобот бериши ва келгуси ярим йиллик учун режаларни белгилаб олиши таъкидланди.

Давлат раҳбари эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида, ҳудудларда Ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилишини эълон қилди. Бу саноат зоналарида ўсиб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари жойлаштирилади.

Ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштиради. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади.

Ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ишларни янада кучайтиришни инобатга олиб, касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали махсус сертификат олган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада микрокредитлар ажратиш юзасидан зарур чоралар кўрилади. Бу кредитлар 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан берилади.

Ушбу мақсадлар учун 2021 йилда 45 миллион доллар ажратилиши, шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳар бир вилоятга 100 миллиард сўмдан кредит маблағлари йўналтирилиши қайд этилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш ва ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш ҳам устувор вазифалардан бири.

Ўтган уч йил мобайнида мамлакат бўйича 5 минг 100 тадан ортиқ намунали ёш оилага арзон уй-жойлар қурилиб, қарийб 200 миллиард сўм миқдорида бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди. Бунинг мантиқий давоми сифатида 2021−2023 йилларда Ёшлар уйларини қуриш дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш вазифаси белгиланди.

Ўйлаймизки, ёшларимиз ҳам яратилаётган шундай шароитларга жавобан,  Ватанимиз равнаки йўлида муносиб билим ва тарбияга эга бўлган, ҳалол, пок, меҳнатсевар бўлиб Президентимиз ишончини оқлашади.

 

Дилбар Мамажонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш