Катта таассуротлар оғушида янги марраларга интилаверамиз

 

Куни кеча муҳташам Хумо аренасида ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида мен ҳам иштирок этдим.

Давлатимиз раҳбарининг илк бора янги форматда ўтказилаётган ёшлар учрашуви ҳақида фикрлари ва таассуротлари билан ўртоқлашаётганида менда жуда кучли фахр ва ғурур туйғуси жўш урди. Aйниқса очиқ чеҳра билан ёшлар Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги ҳақида айтган фикрлари юртимиздаги ҳар бир йигит-қизни Ватанни севишга ва сергакликка чорлади, десам муболаға бўлмайди.

Форумда "Ёшлар+1", "Бизнес инкубатр", "Ёшлар ИТ парклари" каби лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши ҳақидаги ташаббус ва таклифлар ёшларимиз, айниқса, энг чекка ҳудудлардаги ишсиз ёшларга катта мотивация бўлди, деб ўйлайман. ОТМ бўйича Ўзбекистон тарихида бўлмаган имкониятлар ва янгиликлар эълон қилинганида шу юрт фарзанди эканлигимдан ғурурландим.

Очиғини айтсам, кўпгина юқори ютуққа эришган ёшлар кейинчалик эътибордан четда қолган ҳоллари тез-тез учраётган эди. Президентимиз эндиликда Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, спортчилар ва иқтидорли ёшларни доимий рағбатлантириб туриш ва ҳокимликларнинг олтин заҳирасига олиниши ҳақидаги фикрлари мамлакатимиздаги истеъдодли ва қобилиятли ёшларнинг кўнглидаги гап бўлди. Бу ёшларимизни янги марралар сари руҳлантириши аниқ.

Юртбошимиз оталарча ёниб, фарзандларим, ўғил-қизларим, деган гапларни айтганларида, атрофимдагиларга қарадим. Мен қатори ёнимда турган барча-барча йигит-қизларнинг юзида чексиз табассумни, кўзида ёрқинликни, она-юртга муҳаббатни кўрдим. Бизни суяб турадиган, орзуларимизга қанот бағишлайдиган, ният ва мақсадларимиз учун қўллаб-қувватлашга шай турган мамлакатимиз бор экан, қўрқмасдан дадил қадамлар ташлашимиз керак. Бизни олдинда буюк келажак кутмоқда.

Ёшлар форуми мен ва мен каби йигит-қизларни эзгу мақсад йўлида янада бирлаштирди. Катта таассуротлар оғушида янги марраларга интилаверамиз!

 

Гулбону Куватова,

Ёшлар парламенти аъзоси.

 

Теглар

yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш