Юртимизда яшаб келаётган яна 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш имкониятига эга бўлади

 

Бундан ўн кунча олдин сайлов округларимизда бўлиб ўтган учрашувлар давомида бир онахон қўлларида “Фуқаролиги йўқ шахс” паспорти билан ёнимга келиб, “Қизим, мен мана шу юртда 15 йилдан ортиқ яшаб келаяпман. Қачон мен ҳам шу юрт фуқаролик паспортини олиб, ўзимни ҳақиқий Ўзбекистонликман, дея ҳис этаман? Илтимос, менга ҳам ёрдам беринг”, деб мурожаат қилган эдилар.

Ҳозир агар шу онахон ёнимда бўлганларида, бугунги Мурожаатномадан чиқиб, уларни бағримга босиб, “Онажон, Президентимизнинг олижанобликлари туфайли, мана энди сиз ҳам Ўзбекистон фуқароси бўла оласиз!”, деган бўлар эдим.

Маълумки, ўтган йили бўлиб ўтган Мурожаатномада 1995 йилгача республикамизга кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби белгиланган эди. Бу билан 50 минг нафардан ортиқ шахсларга фуқаролик олиш имконияти яратилди.

“Келгуси йилда бу ишларни давом эттириб, 2005 йилгача мамлакатимизга келиб, доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан тўғри Ўзбекистон фуқаролигини берсак, нима дейсизлар?

Бу ўзгариш билан юртимизда яшаб келаётган яна 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш имкониятига эга бўлади.

Бундан буён, юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинади”, – деди Президентимиз.

Президентимизнинг Олий Мажлисга ҳамда Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси асосида Янги йил давомида амалга ошириладиган янгиликлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Ҳар галгидай, бу йилги Мурожаатномада ҳам халқимизни, фуқароларимизни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар бўйича ечимлар кўрсатилди.

Маълумки, пандемия барчамизга тиббиётнинг бирламчи бўғини, тез ёрдам хизмати, санитария-эпидемиология тизимини тубдан ислоҳ қилиш муҳим ҳаётий зарурат эканини яна бир бор кўрсатди.

Ҳозирги вақтда дунёнинг бошқа минтақаларида кузатилаётган “пандемиянинг навбатдаги тўлқини” ва у билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳаммамизни янада хушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда.

Шу боис, мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, пандемия даврида орттирган тажрибамиз ҳамда хориждаги илғор ютуқлардан фойдаланиб, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарурлиги, бунда аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозимлигини айтдилар.

Ислоҳотлар кўлами ва самарасини янада ошириш учун ёшларимизни ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор этиб тарбиялашимиз даркор.

Президентимизнинг “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, деган фикрлари ортида ёшларнинг мактабгача таълим тизимидан тортиб, олий таълим олиши ҳамда касб-ҳунар эгаллашларигача бўлган босқичларни ислоҳ қилиш бўйича янгиликларни маълум қилдилар. Юқоридагилардан келиб чиқиб, кириб келаётган янги йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йили”, деб номлаш таклифини илгари сурдилар.

Бу эса Президентимизнинг ёшларимизга меҳрлари, ишончлари юқори эканлигидан, ёшларнинг ҳамда халқимизнинг саломатлиги ҳақида тинмай қайғуришларидан далолат беради. Йилнинг номланиши ортида уларни янада қўллаб-қувватлаб, кундалик ҳаётларида учраб турган кўплаб муаммоли масалаларни ҳал қилиб бериш имкониятини яратдилар, десак муболаға бўлмайди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда ёшлар, инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари энг олий қадрият даражасига амалда кўтарилаётганидан далолат беради.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш