“Янги Ўзбекистонни билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз”

 

Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳаётимизда янги даврни бошлаб берди. Буни бугунги кунда ҳар бир юртдошимиз дилдан ҳис қилмоқда.

Мурожаатнома айниқса, ёшлар ҳаётида туб бурилиш ясаши аниқ. Чукни ушбу муҳим дастуриламал ҳужжат юртимизда келажагимиз эгалари бўлган ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг ўқиши, касб-ҳунар ўрганиши, яхши мутахассис бўлиб етишиши учун барча шароитларни яратиш бўйича муҳим йўналишлар белгилаб берилди.

2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди. Йил номида белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш белгиланди.

Хусусан, олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Кейинги йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказамиз. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади. Бу ўқишга интилиши ва қизиқиши бор, лекин оилавий шароитидаги қийинчиликлар сабабли ота-онасига бу ҳақида сўз очишга ийманган, руҳан эзилиб юрган қанча-қанча ёшларнинг кўнглини кўтарди, уларнинг ҳаётга қараши ўзгарди, келажакка ишончи мустаҳкамланди.

Ушбу масалалар бевосита партиямиз Сайловолди дастурига ҳамоҳангдир. Шундан келиб чиқиб, Мурожаатномада белгиланган вазифаларни ҳаётга кенг татбиқ этиш, бу йўналишдаги эзгу ташаббусни амалга ошириш учун астойдил интилишимиз зарур.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари келгуси йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади, бу дастур орқали илк бор бакалавр йўналишида чет элларга 100 нафар ўғил-қизларимизни юборамиз, кейинги йиллардан уларнинг сони 2-3 баробарга кўпайтирилади, деб алоҳида таъкидлади.

Демак, илм йўлидан кетган, ўқиш, ўрганиш ва кашф этиш устида тинимсиз изланадиган ёшлар учун катта имкониятлар эшиги очилади. Илғор фикрлайдиган, бунёдкор ғоялар билан яшайдиган ёшларимиз сафи янада кенгаяди. Бу албатта, жамият тараққиётини юксалтиришда муҳим пойдевор бўлади.

Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш, унда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, мамлакатимизни равнақ топтиришда биз, ёшлар муҳим куч бўлишимиз, ўз ғоя ва ташаббусларимиз билан турли соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишимиз керак.

 

Жаҳонгир Кабиржонов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири, Ёшлар парламенти аъзоси.

 

Теглар

yoshlar-parlamenti Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш