Барчаси жондан азиз фарзандларимиз ва уларнинг келажаги учун!

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг кейинги ойлардаги барча чиқиш ва нутқларини таҳлил этадиган бўлсак, уларда ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилганини англаймиз.

Барчамизга маълумки, юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш энг аввало узлуксиз таълим тизимида амалга оширилади.

Парламент ва халқимизга Мурожаатномада давлатимиз раҳбари аввалги нутқларнинг мантиқий давоми сифатида, 2021 йил учун барча соҳаларда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгиланди. Таълим-тарбия, соғликларини таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари шулар жумласидандир.

2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номлаш таклиф этилди, бу борада Давлат дастурини қабул қилиш бўйича ҳукуматга вазифалар белгиланди. Албатта, мана шу дастур бўйича таклифлар билдирилганда, ёшларни соғлиги ва таълим-тарбияси, бандлигини таъминлаш учун шароит яратишга катта аҳамият қаратилади.

Мактабгача таълим соҳасида ҳам ислоҳотлар давом эттирилади, келгуси йил мактабгача таълим қамрови 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказилади. Бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилади. Бу каби ишлардан энг катта самара, биринчидан, давлат мактабгача таълим ташкилоти ва хусусий сектор ўртасида рақобатни ривожлантириш эвазига таълим сифатини оширишга эрилса, иккинчидан, мактабга билимли болаларни етказиб бериш орқали умумий ўрта таълим тизимида ҳам таълим сифатини оширишга эришилади. Илк ёшларидан болаларни иқтидорини юзага чиқаришга қаратилган таълимни ташкил этиш орқали атроф-муҳитни англаш, математик ва эстетик билимларни эгаллаш, жамиятдаги ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш кўникмаларини ривожлантиришга эришилади.

ЎзХДП Сайловолди дастурида ҳам мактабгача таълим тизимига 6 ёшли болаларни тўлиқ бепул қамраб олиш бўйича режалар киритилганди, 2021 йилда 6 ёшли болаларнинг 82 фоизи ёки 560 минг нафари мактабга бепул тайёрловга жалб этилиши режалаштирилган.

Мактабгача таълим тизимида яна бир муҳим ислоҳот – инклюзив таълим жорий этилади. ЮНЕСКО ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда жисмоний, ақлий ва психик ўсишдан ортда қолган болаларни ривожлантиришга қаратилган таълим уй шароитида, ота-оналаридан ажралмаган ҳолда ҳамда соғлом болалар билан бирга таълим олиб борилиши йўлга қўйилади. Бунинг натижасида жисмоний ривожланишда ортда қолган болаларни жамиятга мослашуви, уларни тенгдошлари билан биргаликда тезроқ самарадорликка эрилиши назарда тутилмоқда.

Умумий ўрта таълим тизимида ҳам ислохотлар давом эттирилади, жумладан,

- боланинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини оширишга мўлжалланган дарсликлар тайёрлаш режалаштирилган;

- бошланғич синфларда давлат таълим стандартлари ўрнига ўқувчиларига ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилади;

- 240 мингдан зиёд мактаб ўқитувчиларига синф раҳбарлиги учун устама тўловлар 1,5 бараварга оширилиб, бюджетдан 400 млрд. сўм қўшимча маблағ ажратилади;

- бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятдаги олис туманга бориб ишласа, 100 фоиз устама ҳақ тўланади.

- халқ таълими ходимларини рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларига 330 млрд. сўм йўналтирилади.

Буларнинг барчаси албатта таълим сифатини оширишга хизмат қилади.

Шу ўринда умумий ўрта таълим мактабларининг директорлари ва жисмоний тарбия ўқитувчиларига иш фаолиятларида жуда кўп масалаларга аҳамият қаратишни таклиф этаман. Мактабларда ўқувчиларга фақатгина спорт машғулотлари ва турлари тўғрисида билим бериш назарда тутилганда эди, жисмоний тарбия эмас, балки спорт дарси, деб номланиши мумкин эди. Ўқув дастурларида жисмоний тарбия, деб номланишидан мақсад ҳам ўқувчиларни жисмоний тайёрларлигини ривожлантиришга қаратилган таълим беришдан иборатдир. Шунинг учун ҳам дарсларда ва дарсдан кейинги машғулотларда ўқувчиларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тўғри овқатланиш ва спортнинг инсон саломатлигини таъминлашдаги ўрни тўғрисида таълим беришга кўпроқ аҳамият қаратилиши зарур, деб ҳисоблайман.

Агарда таълим муассасалари директорлари ҳамда педагогларимиз юқоридаги масалага кўпроқ аҳамият қаратишса, Президентимизнинг педагогларга бўлган ғамҳўрликларига “лаббай”, деб айтилган жавоб бўларди.

Кейинги йилда 10 та Президент мактаби, ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этилиши, иқтидорли ёшларни сифатли таълим олиш имкониятини оширади. Албатта, иқтидорли ўқувчиларимиз жуда ҳам кўп, аввало, уларнинг жаҳон андозаларига мос таълим олишларига шароит яратилади.

Олий таълим тизимининг ҳамда илм, фан ва инновацияларни яратишнинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришдаги ўрни беқиёсдир. Шу боис соҳадаги ишлар янада ривожлантирилади, хусусий олийгоҳларга ҳам керакли мутахассисларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси бериш тизими йўлга қўйилади, кейинги йилдан олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади, ОТМларга қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони 2 баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилади, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади.

 “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади, 30 та етакчи ОТМга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади, 2021 йили докторантлар сони 4,5 мингтага етказилади ёки 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилади. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилади.

Бугун халқнинг вакили ва таълимда тажриба орттирган мутахассис сифатида ушбу ўзгаришларга ўз ҳиссамни қўшиш учун иштиёқим ортди, уйда телевизор қаршисида кўпчилик каби катта қизиқиш билан кузатиб руҳи кўтарилган фарзандларимни кўриб, она сифатида қалбим ғурурга тўлди.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш