Эътибор ва ғамхўрликка фидойилик билан жавоб берамиз

 

Келгуси йилда юртимизда ёшларга бўлган эътибор янги даражага кўтарилади. Бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилади.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради.

Шу мақсадда, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширилиши кўзда тутилган.

Биринчидан, ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия бериш, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш;

Иккинчидан, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш;

Учинчидан, ўғил-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратиш.

Бугунги авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшлардаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга, албатта, етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз, деб таъкидлади юртбошимиз.

Давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида келгуси 2021 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан қуйидаги таклиф ва вазифаларни айтиб ўтди:

- Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ватандошлар” жамғармаси тузилади;

- 2021 йилда Ўзбекистонда 10 та президент мактаблари, кимё-биология, математика ва ахборот технологияларига ихтисослашган 197та мактаб ўз фаолиятини бошлайди;

- Тошкент шаҳрида иқтидорли ўғил-қизларнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришларига кенг шароитлар яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида янги университет фаолияти ҳам йўлга қўйилади. Ушбу олийгоҳга чет элдаги етакчи олим ва профессорлар жалб қилинади ва улар ёшларимизга энг замонавий дастурлар асосида таълим беради;

- 2021 йилда 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий техник базасини яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан 2 триллион сўм маблағ ажратилади;

- биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилади;

- эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилади.

- болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм йўналтирилади ва бу маблағлар йил давомида кўпайтириб борилади.

Бир сўз билан айтганда, 2021 йил мамлакатимиз ёшлари ҳаётида катта ўзгаришлар, кўп хурсандчиликлар рўй беради. Эътибор ва ғамхўрликка жавобан барча ёшлар ўз соҳасида етук мутахассис, фидойи инсон бўлиш учун интилмоғи зарур, деб ўйлайман.

 

Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш