Ота-оналарнинг истаги ижобат бўлади

 

2020 йил 29 декабр куни мамлакатимизда яна бир қувончли воқеа содир бўлди: давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини йўллади. Биз, депутатлар уни ғурур ва ифтихор билан тингладик. Мурожаатномада 2020 йил сарҳисоб қилиниб, 2021 йилга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

“Буюк аждодимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин”, деган чуқур маъноли сўзлари нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи бугун қайта-қайта исботламоқда. Шу боис аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳатларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур. Бунда аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш - энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозим”, деди Президентимиз ва 2021 йил учун яна бир муҳим йўналиш сифатида тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш ва аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирларига 3 триллион сўм ажратиш, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилиши узоқ йиллардан бери кутилган янгилик бўлди.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга 5 та ёрдамчи-ҳамширадан иборат тиббий бригадалар ташкил қилиниши ўз самарасини беради, деб умид қиламиз.

Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизимини жорий этиш, давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхатини қайта шакллантириш, кафолатли таъминот тизимини босқичма-босқич йўлга қўйиш катта аҳамият касб этади.

Бугунги кунда долзарб бўлган онко-гематология соҳасига бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилиши кўплаб ота-оналарнинг мурожаатларининг ижобати, деб ўйлайман.

Бугун соғлом турмуш кечираётган инсон, албатта, келажакка орзу умид ва ишонч билан боқади. Орзуларга эришиш учун эса ҳар бир инсон ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиб яшамоқликни одат қилиши лозим. Таъкидлаб айтилганидек, инсонлар саломатлиги ва ҳаётига масъулият билан ёндашиш ҳар бир инсоннинг виждон ишидир.

 

Сайёра Файзиева,

халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати

 

Теглар

Депутат Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш