Таълимга эътибор ўқувчини руҳлантиради, ўқитувчининг эса қаддини кўтаради

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ўз раҳбарлигининг илк кунлариданоқ янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини белгилаб берар экан, асосий эътиборни таълим-тарбия тизимига қаратиб келмоқда.

Аввало, тизим мажбурий меҳнатдан халос қилинди, ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам ўз иши, ўқиши билан машғул бўлди. Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ўқитувчининг нафақат моддий манфаатдорлиги ошмоқда, балки унинг устоз сифатида қадри, масъулияти кучайди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам таьлим соҳасига яна бир бор алоҳида урғу бериб ўтилди. Йилнинг номланиши ҳам айнан ушбу соҳага дахлдор ном билан боғланди. Чунки, элу-юрт суянчиғи бўладиган, биз эртага Ватан тақдирини ишониб топширадиган ўғил-қизларнинг камоли ва келажаги бевосита таълим тизими билан ўлчанади.

Мурожаатномани тинглар эканман, жуда катта ҳаяжонда ўтирдим. Чунки, унда таълим тизими ходимларига бўлган эътибор кўлами йилдан-йилга ошиб бораётгани яна бир бора яққол кўринди. Айниқса, чекка қишлоқларга бориб, дарс берадиган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 50 фоиз устама берилиши, вилоятдан бошқа вилоятга бориб дарс бераётган ўқитувчининг ойлигига 100 фоиз устама берилиши, ўқитувчиларнинг яхши дарс беришига, қолаверса, ёшларнинг ўқитувчилик касбига бўлган қизиқиши ошишига замин яратади.

Ўқитувчиларга тоифа бериш ва уларнинг малакасини ошириш, машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши ҳар бир педагог ходимни руҳлантиради, десам, асло муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада бола туғилгандан бошлаб то 30 ёшгача бўлган давригача уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратамиз, деб алоҳида таъкидлади.

Бундан келиб чиқиб шуни айтишимиз мумкинки, боланинг айнан ўсмирлик чоғида ҳар хил оқимларга кириб кетиш ва жиноятчилик қилиш ҳолатларининг олди олинади, таълим тарбиясида бўшлиқ ҳосил қилмаслик чоралари кўрилади.

Хулоса сифатида Президент Мурожаатномасида илгари сурилган вазифалар халқимиз тақдирида тарихий бурилишга асос бўлади, деб айтишга ҳақлимиз.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш