“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”

 

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси Ватанимиз тараққиётига хизмат қилиб, мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеадир.

Мурожаатда тугалланаётган йил сарҳисоб қилиниб, асосий кўрсаткичлар таҳлил қилинди. Келгуси йилга мўлжалланган режалар, мақсад ва вазифалар белгиланди. Шунингдек, унда халқимиз истиқболи йўлида ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши лозимлиги белгилаб берилди.

«Барчангизга маълумки, кириб келаётган 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигига 30 йил тўлади. Албатта, бу тарихий санани сиз азизлар ва бутун халқимиз билан биргаликда, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қиламиз», – деди Президентимиз.

Мурожаатномада партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, камбағалликни қисқартириш, аҳолининг минимал харажатлари бу йилдан эълон қилиниши, вақтинча ишсизлик нафақасининг оширилиши, биринчи марта чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун 50 миллиард сўм ажратилиши, чекка қишлоқ ёки мутахассислар танқис ҳудудларга бориб ишлайдиган ёш кадрларга 100 фоизгача устама ҳақ тўланиши, боғча ёшидаги болаларни тўлиқ мактабгача таълимга қамраб олиш, ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилиши, ногиронликни белгилаш бўйича ижтимоий моделга ўтилиши каби вазифалардир.

2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб номлашни таклиф этгани юртимизда яшаётган йигит-қизлар каби бизни ҳам қувонтирди. Чунки фарзандларимиз тақдирини ўйлаган, уларга ғамхўрлик қилган, халқимиз саломатлигини ўйлаган давлат раҳбари бошчилик қилаётган юртда истиқомат қилиш бахтдир.

Давлатимиз раҳбари агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз, - деб таъкидлади.

Соғлом турмуш тарзининг қарор топиши, фаол жисмоний ҳаракатда бўлиш, тўғри овқатланиш ҳамда зарарли одатлардан воз кечиш инсон саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутади. Жаҳонда қон босимининг ошиши кўпроқ ёшларда учраётгани, одамлар кўпроқ юрак-томир, нафас олиш органлари касалликлари билан оғриётганлиги ачинарли ҳолатдир. Ушбу юқумли бўлмаган касалликларнинг кўпайишига сабаблардан бири одамларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилмасликдир. Ахборот технологияларнинг ривожланиши турмуш тарзимизни ўзгартириб юборди. Натижада жисмоний меҳнат билан шуғулланиш камайди. Таркибида ёғ, қанд ва туз миқдори юқори бўлган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли кўпайди. Бу тана вазнининг ортиши, семизлик, қонда холестерин миқдорининг ошиши ва оқибатда, турли касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлмоқда.

Президентимиз қабул қилинаётган қонун, қарор ва фармонларни аҳоли орасида кенгроқ тарғибот қилиш ҳақида гапирдилар. Биз депутатлар халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳларнинг мазмун-моҳиятини сайловчилар орасида кенг тарғиб қилишни олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

 

Мақсуд Нуруллаев,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилояти кенгаши раиси.

 

Теглар

Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш