Ижтимоий сиёсат аҳоли манфаатларини ҳимоя қилади

 

Президентимизнинг парламентга йўллаган Мурожаатномаси халқимизнинг эзгу интилишлари, орзу-мақсадларини ўзида мужассам қилиб, самимий, ҳаётбахш ғоялар билан йўғрилганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Унда кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар, энг аввало, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси фаровон, ҳаётдан рози бўлган ҳолда яшашига эришиши лозимлигига қаратилгани билан диққатга моликдир.

Тўғри, сўнгги йилларда аҳолини қўллаб-қувватлашга эътибор янада кучайтирилди, ижтимоий ҳимояга нисбатан ёндашув бутунлай ўзгарди. Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар масалалари доимий диққат-эътиборда бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, жамиятга интеграция қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилаётган ўзгаришларга қарамай, ногиронлиги бўлган шахсларни ўйлантириб келаётган муаммоли масалалар ҳам оз эмас эди. Жумладан, протез-ортопедия воситалари етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар кун тартибида турибди...

Биз меҳр-мурувватли, эзгуликни қадрловчи халқмиз. Кейинги йилда айнан ушбу йўналишда ҳам кенг қамровли ишларнинг амалга оширилиши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни умидсизлик ҳамда ишончсизлик кайфиятидан халос этиш, ҳаётга интилишини оширишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос “ижтимоий модели”га босқичма-босқич ўтилади. Муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу имкониятдан қарийб 50 минг нафар юртдошимиз фойдаланиши мумкин бўлади.

Ҳаммамиз яхши биламиз, ногиронлиги бўлган кишилар, одатда, бошқалардан фарқли ўлароқ, иқтисодий имкониятлари чекланган ва моддий шароити ҳам ёмонроқ бўлади. Бу ўз навбатида уларнинг ҳар кунлик ҳаётида кўплаб тўсиқларни туғдириши табиий, албатта. Муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизимнинг жорий этилиши, бу имкониятдан қарийб 50 минг нафар юртдошимиз фойдаланиши ногиронлиги бўлган шахслар учун катта мадад бўлиши аниқ.

Жойларда сайловчилар билан учрашувларда уй-жой муаммолари бўйича кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Демак, халқимизни, биринчи навбатда, ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам арзон ва сифатли уй-жойга эга бўлиши ниҳоятда долзарб вазифадир.

Хусусан, келгуси йилда эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб бораётган ишларимиз кўлами янада кенгайтирилади. Бунда 27 мингта ёки бу йилга нисбатан 2,5 баробар кўп оиланинг ипотека кредити бўйича дастлабки бадалларини тўлаш ва кредит фоизларини субсидиялаш учун 2,4 триллион сўм йўналтирилади.

Албатта, бундай ўзгаришлар ўз уй-жойига эга бўлишда моддий муаммолар гирдобида юрган минг-минглаб оилаларнинг оғирини енгил қилади, эҳтиёжманд фуқароларни турар жой билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу орқали қанчадан-қанча одамларимиз ўз уйига эга бўлади, ҳаловат топади.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ушбу устувор вазифаларга мос келади. Ушбу масалаларда партиянинг сиёсий позицияси мамлакат тараққиётининг янги босқичида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини изчил оширишга кўмаклашишдир. Мурожаатномада мазкур йўналишда қамрови кенг, моҳиятан юксак ишлар амалга оширилиши белгиланган. Бу эса Халқ демократик партияси, унинг барча даражадаги депутатлари олдида катта вазифалар турганини билдиради.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш