Камбағалликка қарши кураш иқтисодий ривожланиш сиёсатида устувор вазифа этиб белгиланди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида камбағалликка қарши кураш масаласини стратегик вазифа сифатида кун тартибига қўйди.

Узоқ вақт давомида, камбағалликнинг мавжудлиги сиёсий сабабларга кўра расмий даражада деярли тан олинмаган, камбағалликни аниқлашнинг қонуний тасдиқланган мезонлари йўқ эди, бу ҳолда самарали ижтимоий сиёсат олиб бориш жуда мушкул масала эди. Натижада йиллар ўтса-да, камбағаллик муаммоси йўқолмади.

Мазкур муаммони ҳал қилишга кейинги 4 йилда катта ҳажмдаги саъй-ҳаракатлар йўналтирилди. Жумладан, мамлакатда камбағалликка қарши курашиш учун зарур институтлар яратилмоқда. Авваламбор, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташкил этилиши камбағалликка қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини белгилаб беради.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яқинда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Мазкур вазирлик фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институтлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи сифатида ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган қатламларини аниқлаш, манзилли кўмак бериш борасида самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистонда охирги уч йил мобайнида камбағалликни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида аҳоли жон бошига реал жами даромад ошиб бормоқда. Жумладан, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш ва қишлоқ жойларини ободонлаштириш дастурлари амалга оширилмоқда. Хусусан, «Обод қишлоқ» дастури натижасида қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитлари яхшиланди.

Бироқ, эришилган натижаларга қарамай, ҳозирги кунда Ўзбекистонда бир неча юз мингдан ортиқ оила турмуш шароитлари яхшиланишига муҳтож. Норасмий секторнинг меҳнат бозоридаги улуши 40-50 фоизни ташкил этади. Камбағал уй хўжаликларининг фақатгина маълум фоизигина ижтимоий нафақа олишади.

Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастурида давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатлари ҳимоя қилиниши муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Ўзбекистон ижтимоий йўналтирилган мамлакатлар қаторига киради. Бундай мамлакатларда давлатнинг жамият ҳаётидаги иштироки анча муҳим бўлиб, у ўз фуқаролари олдидаги ижтимоий мажбуриятларини кенг кўламда амалга оширилишини назарда тутади. Бу эса жамиятнинг ижтимоий заиф қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш заруриятини келтириб чиқаради.

Кучли ижтимоий сиёсат давлат институтлари томонидан ижтимоий неъматларни жамиятнинг энг кам ҳимояланган ва энг заиф аъзолари фойдасига тақсимлаш, демакдир. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, кучли ижтимоий сиёсат амалга оширилиб келинмоқда.

Мурожаатномада партиямизнинг электорати ҳисобланган, кам таъминланган оилалар аъзолари, жумладан, ишсизлар, меҳнатга лаёқатли ногиронлар, аёлларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллигини рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Пандемия даврида аҳолининг камбағал ва заиф қатламларига ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатувчи муассасалар фаолиятини ислоҳ қилиш зарурати кучайди. Моддий ёрдамни тақсимлашда керакли назорат, шаффофлик ва манзиллиликни таъминлаш мақсадида рақамли технологиялар асосидаги тизимли ечимларни жорий қилиш асосида аввал етарлича манзилли бўлмаган ва самарасиз тизимдан янги тизимга ўтилмоқда.

Сўнгги йилларда камбағалликни енгишга ҳисса қўшадиган бошқа соҳаларда ҳам салмоқли саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Уларга янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойлари ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қишлоқ жойларда инфратузилмани такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунар таълими ва тарбиясини яхшилаш ҳамда иқтисодий миграция киради. Бу соҳаларда охирги йилларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар мамлакатимизнинг узоқ муддатли камбағалликни қисқартириш дастурининг муҳим қисми ҳисобланади.

«Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил – бу инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак. “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади», деб таъкидланди Мурожаатномада.

Бизга маълумки, аксарият ҳолларда камбағалларнинг дунёқараши даромад юқори бўлганлардан фарқ қилади. Юқорида айтиб ўтилган сабабларга кўра, улар орасидан ижодкор ва тадбиркорлик қобилиятига эга инсонларнинг етишиб чиқиши эҳтимоли камроқ. Шунингдек, одатда камбағал оила аъзолари орасида жиноятчилик кўрсаткичлари нисбатан юқорироқ бўлади. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими нафақат моддий ёрдам беришга, балки аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини камбағалликдан чиқаришга йўналтирилган бўлиши муҳим роль ўйнайди. Ривожланган мамлакатларда 1990 йиллардан бошлаб нафақа кўринишидаги ижтимоий ёрдам олувчиларни расмий тадбиркорликка жалб қилиш учун мажбурий талаблар жорий қилинган.

Мавжуд муаммони ижобий ҳал этилишига хизмат қиладиган янги ғоя олдинга сурилмоқда, бу ҳам бўлса, янги йилдан маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади. Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга асбоб-ускуна харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади.

 

Шу кунгача. ижтимоий таъминот тизимининг самарасиз ишлаш сабабларидан бири – ёрдам кимга кўпроқ кераклиги ҳақида маҳалла ҳам, биронта давлат органи ҳам тўлиқ маълумотга эга эмас. Ҳар бир давлат органи ўзининг алоҳида рўйхатини мустақил юритади, ягона тўлиқ тизим мавжуд эмас. Бундай органнинг йўқлиги, ижтимоий таъминот олувчиларнинг ягона реестри мавжуд эмаслиги – ҳақиқатан ёрдам муҳтож одамлар ҳар доим ҳам керакли ёрдамни ола билмади.

2021 йилдан тўлиқ ишга тушадиган “Ижтимоий реестр”да “темир дафтар”даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади ва бу борадаги мавжуд муаммолар ўз ечимини топади.

Янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади.

Ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришиш мақсадида, 2021 йилда қуйидаги йўналишларда кенг қамровли ишларни амалга ошириш белгиланди: 

- Эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.

- 1 мартдан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдори эълон қилинади. 

- “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади.

Бошқача айтганда, камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллар мамлакатда инсон салоҳиятини ривожлантиришга, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши ва аҳолининг иқтисодий фаолиятига тўсқинлик қилади.

- Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади.

- Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.

- Вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.

- Ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос “ижтимоий модели”га босқичма-босқич ўтилади.

- Муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу имкониятдан қарийб 50 минг нафар юртдошимиз фойдаланиши мумкин бўлади.

- Эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб бораётган ишларимиз кўлами янада кенгайтирилади. Бунда 27 мингта ёки бу йилга нисбатан 2,5 баробар кўп оиланинг ипотека кредити бўйича дастлабки бадалларини тўлаш ва кредит фоизларини субсидиялаш учун 2,4 триллион сўм йўналтирилади.

Турли тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, камбағалликдаги инсон фаровонлигини фақатгина даромадларга асосланган баҳолаш ўрнига бошқа кўп критерияли тизимлари билан ўлчаш камбағалликка қарши курашишнинг самарасини янада оширади. Камбағаллик бу фақатгина даромадлар эмас, бу турли ўлчамли (тоза ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, санитария ҳолати, бошқа зарур хизматлар) ҳаёт сифатини ифодаловчи кўрсаткичдир.

Мақсадли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимидаги бу каби ўзгаришлар мамлакатдаги камбағалликни бартараф этиш йўлларидан бири бўлган – ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш фақатгина комплекс ёндошувлар орқалигина амалга оширилиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Шу билан бирга, мурожаатномада устувор вазифа сифатида белгиланганидек, камбағалликни зудлик билан бартараф этишнинг имкони бўлмаган шароитда кам таъминланганларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг даромад олиши ва инсон капиталини ривожлантириши учун қўшимча имкониятлар яратиш назарда тутилмоқда.

Мурожаатномада эътироф этилганидек, Ўзбекистон шароитида ҳам ривожланган мамлакатлардек камбағалликни қисқартиришга комплекс ёндашув энг мақбул ечимдир. Мазкур сиёсат меҳнатга лаёқатли аҳолини имкон қадар иш билан таъминлаш ва бир вақтнинг ўзида муҳтож одамларни камбағаллик чегарасидан чиқаришга қаратилган давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи

 

Теглар

Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш