Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади

 

Ўрол ЎРАЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси:

— Парламентимизга йўлланган Мурожаатномада халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш ҳамда иқтисодий тараққиётимизни юксалтириш билан боғлиқ муҳим ғоя ва вазифалар илгари сурилди.

Жумладан, 2021 йилда бажарилиши лозим бўлган айрим кўрсаткичларга тўхталиб ўтиш жоиз. 2021 йил 1 мартдан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади. Бу борадаги рақамлар эълон қилиниши йўлга қўйилиши камбағаллик чегарасини билиш ва шунга қараб самарали чоралар кўриш имконини беради.

Республикамиз бўйича “Темир дафтар”ларга киритилган ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш борасида мутлақ янги механизмлар жорий этилади. Яъни, касб-ҳунарга ўргатиш бўйича мингдан ортиқ ўқув марказлари ташкил қилинади. Қаранг, ўқув курсларига келган ҳар бир фуқарога бир миллион сўмдан субсидия ажратилар экан. Бу мақсадга давлат бюджетидан ўртача 100 миллиард сўм маблағ ажратилади. Яна бир томони, ҳар бир ўқув курсини битирган тингловчиларга тадбиркорликка йўналтирилган ускуналарни харид қилиш учун ўртача 7 миллион сўмгача субсидия берилади. Энди ўйлаб кўрайлик, қачон ҳунар ўрганиб, иш бошлаш учун бундай реал имкониятлар бўлган.

Аҳолини камбағалликдан чиқариш, тадбиркорликка йўналтириш, қўллаб-қувватлаш масалаларида муҳим аҳамият касб этадиган “Тадбиркорлик кодекси”ни ишлаб чиқиш бўйича таклиф берилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 2021 йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши кўрсатиб ўтилди.

Қувонарли таклифлардан яна бири шу бўлдики, туман ва шаҳар ҳокимликларининг бюджетларидан орттирилган маблағларининг 10 фоизи ўша ҳудуддаги маҳаллаларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишга йўналтирилиши белгиланди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларига худудлардаги ҳал этилмаётган муаммоларни бартараф этиш масалалари бўйича таклиф киритиш ваколати бериладиган бўлди.

Яхши ишлайдиган, ҳудудларида муаммоларини бартараф этаётган, халқпарвар, виждонли маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини бошқарув тизимига, яъни раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш, хусусан, ҳокимликка кўтариш таклиф этилди. Раҳбарликнинг, айниқса, ҳокимликнинг мактаби бўлмайди. Халқ ичида юриб, халқдан ўрганиб, одамларнинг муаммоларини ҳал этишга чора излаган киши етакчилик сир-асрорларини аста-секин ўргана боради. Раҳбарликнинг биринчи омили элга ғамхўрликдир. Давлатимиз раҳбарининг “маҳалла раиси ҳоким бўла олади”, деган мазмундаги биргина рағбати минглаб маҳалла раисларининг кайфияти, ишга муносабатини ўзгартирди, деб ўйлайман.

Мурожаатномани тинглаб шундай хулосага келдимки, “яхши амаллар яхши ниятдан бошланади”, деган ҳикматда кўп гап бор экан. Давлат раҳбари яхши ният билан режалар қўйди, уларни амалга ошириш барчамизнинг биринчи галдаги вазифамизга айланмоғи зарур.

 

“Ўзбекистон овози”, №1, 06.01.2021

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш