Соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини

 

Муқаддас РАҲМАТИЛЛАЕВА, 44-оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Мурожаатномада жамиятимиз ривожи, халқимизнинг турмуш фаровонлигига қаратилган барча масалалар кўтарилди. Таълим ва соғлиқни сақлаш бўйича кенг кўламли режалар, халқ розилиги йўлида амалга оширилаётган ишлар давлатимиз сиёсати даражасида эканлиги мени бениҳоя хурсанд қилди.

Президентимиз 2020 йилнинг ноябрь ойида соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғин фаолиятини яхшилаш бўйича видеоселектр йиғилиши ўтказган ҳамда пойтахтимизда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан учрашган эди. Тиббиёт соҳасидаги 40 йиллик фаолиятимнинг 35 йили давомида бирламчи бўғинда фаолият олиб бораётган бўлсам, давлат раҳбари томонидан бирламчи бўғиндаги муаммолар ва уларни бартараф этишга бағишланган бундай учрашув биринчи маротаба ўтказилаётганининг гувоҳи бўлдим. Унда Тошкентда сифатли тиббий хизмат ва мактаб таълимига қандай эришиш мумкинлиги, соҳаларга тааллуқли муаммолар ва таклифлар эшитилди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, касалликларни эрта аниқлаш, тиббиёт муассасалари шароитини яхшилаш бўйича фикрлар билдирилди.

Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда соғлиқни сақлаш йўналиши бўйича қуйидаги таклифларимни билдирмоқчиман:

Поликлиникага мурожаат қиладиган аҳоли бўйича таҳлил натижаси шуни кўрсатадики, мунтазам равишда мурожаат этадиган аҳоли асосан “Темир дафтар”га киритилган, яъни, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар, доимий ишсиз, карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар, оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқаролардан иборат бўлиб, бирламчи бўғинда фаолият олиб бораётган барча тиббиёт ходимлари ўз фаолиятимизни асосан ушбу “Темир дафтар”га киритилган оила аъзолари билан ишлашдан бошлашимиз лозим. Бу борада амалга ошириладиган ишларимиз (мақсадли патронаж, мақсадли тиббий кўриклар, скрининг текширувлари ва ҳоказо) ушбу аҳоли қатламига қаратилиши талаб этилмоқда.

Аҳоли орасида сил касалликлари ижтимоий касаллик эканлиги ҳисобга олинган ҳолда, айнан “Темир дафтар”га киритилган аҳоли қатлами орасида ушбу касалликнинг қайд этилиши ҳолатлари мавжудлигига алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади. Чунки ўтказилган таҳлил натижасида 2020 йилда 2019 йилнинг шу даврига нисбатан шаҳар, туман ва поликлиника ҳудудидаги аҳоли ўртасида сил касаллигининг ошганлиги, айниқса, ушбу кўрсаткич ўсмирлар ва болалар орасида қарийб икки баробарга ошганлиги аниқланган.

Сил касаллигини эрта аниқлаш, ўз вақтида диагностика қилиш, даволаш ишларининг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрини мобиль флюорография аппаратлари билан таъминлаш лозим бўлади. Шифохона шароитида бир кунда 20-30 нафар бемор флюорографик текширувлардан ўтказилса, мобиль флюорография аппарати орқали жойларда бир кунда 100-150 нафар фуқарони текширувдан ўтказиш мумкин. Бу текширувларда уюшмаган аҳоли, мактаб ўқувчилари ва педагоглари, корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимларининг қамраб олиниши ҳам касалликларнинг эрта аниқланишида ўзининг ижобий натижасини беради.

Аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида поликлиника ҳудудидаги маҳаллаларда аҳоли орасида ўз саломатликларига масъуллик ҳиссини шакллантириш учун натижа берадиган “Саломатлик йўлаклари”нинг ташкил қилиниши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда оилавий поликлиникалар томонидан маҳаллалар билан ҳамкорликда хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Мақсад – аҳоли орасида саломатлик ва касалланиш кўрсаткичларини ўрганиш ва келгусидаги ишларни тизимли, режали ҳамда мақсадли равишда амалга оширишга қаратилган. Биз жорий йилда ҳам давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига, айниқса, бирламчи бўғинга қаратилаётган бундай эътиборга жавобан сидқидилдан, виждонан, барча кучғайратимизни сарфлаб, халқ розилиги йўлида хизмат қилишга ҳаракат қиламиз.

 

“Ўзбекистон овози”, №1, 06.01.2021

Теглар

Депутат Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш