Ҳеч ким қийин аҳволда қолиб кетмайди

 

Малика ҚОДИРХОНОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Камбағалликни қисқартириш масаласи мамлакатимиз тарихида илк марта очиқ-ошкора айтилди, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларда бу йўналишда аниқ вазифалар белгилаб берилди. Айнан мана шу сиёсатни юритувчи вазирлик ташкил этилди, аҳоли фарвонлигига хизмат қилувчи чора-тадбирлар кўлами янада кенгайтирилди. Олий Мажлисга бўлган Мурожаатномада эса бу борада босқичма-босқич ҳал этилиши зарур бўлган вазифалар кўрсатилди.

Хусусан, янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлиши, ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилиши таъкидланди.

Бунинг учун аввало, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларнинг жорий этилиши белгиланди. Кимгадир нафақа пули ёки моддий ёрдам бериш орқали уни камбағалликдан чиқариб бўлмайди. Муаммонинг энг мақбул ечими эса таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, янги иш ўринлари яратиш зарур. Шунингдек, ичимлик сув, электр энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб бориш керак.

Ислоҳотлар замирида инсоннинг интилишини, ҳаётга қизиқиши, орзу-мақсадларини амалга ошириш масаласи илгари сурилади. Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил инсон ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши лозим. Жорий йилда маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича махсус марказлар ташкил этилилиши ана шу вазифага хизмат қилади.

Мурожаатномада касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилиши таъкидланди. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқаролар ускуналар харид қилиш учун эса 7 миллион сўмгача субсидия олиши мумкин. Демак, ишсизлик даражаси камаяди ва камбағалликдан чиқариш имкони ортади.

Қўмитамиз мақсади бюджет маблағлари тўғри ва самарали сарфланишини таъминлашга ҳисса қўшишдан иборат. Шу маънода ижтимоий соҳага йўналтиралётган пуллар сарфини назорат қилиш, қонунчиликка тегишли тартибда ўзгартиришлар киритиш каби масалаларда бош қотиряпмиз. Президентимиз таъкидладики, ҳеч ким қийин аҳволда қолиб кетмайди. Ҳаммага ёрдам кўрсатилади, эътибор қаратилади. Айниқса, пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳолининг камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслик учун бу йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилди. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга) оширилиб, бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинадиган бўлди.

Умуман олганда, Мурожаатномадаги ҳар бир сўз, ҳар бир фикр мазмунан катта аҳамиятга эгадир. Инсон манфаати, жамият тараққиётига хизмат қилувчи вазифалар, белгиланган чора-тадбирлар диққатга моликдир. Биринчи навбатда аҳоли орасида Мурожаатноманинг тарғиботи, таҳлилини кўпайтириш, унинг мазмун-моҳиятини ҳар бир юртдошимизга етиб боришини таъминлаш керак. Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилишда биз сенаторлар, депутатлар ҳамда маҳаллий Кенгашлар ҳамиша фаол, уйғоқ бўлишимиз талаб этилади.

 

“Ўзбекистон овози”, №1, 06.01.2021

Теглар

Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш