Таълимга эътибор ўқитувчининг қаддини кўтаради

 

Мавжуда ҲАСАНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида таьлим соҳасига яна бир бор алоҳида эътибор қаратилди, устувор вазифалар белгилаб берилди. Чунки, элу-юрт суянчиғи бўладиган, биз эртага Ватан тақдирини ишониб топширадиган ўғил-қизларнинг камоли ва келажаги бевосита таълим тизими билан ўлчанади.

Мурожаатномани тинглар эканман, касбим ўқитувчи бўлгани учун жуда катта ҳаяжонда ўтирдим. Чунки, унда таълим тизими ходимларига бўлган эътибор кўлами йилдан-йилга ошиб бораётгани яна бир бора яққол кўринди. Айниқса, чекка қишлоқларга бориб, дарс берадиган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 50 фоиз устама берилишини эшитиб хурсанд бўлдим. Вилоятдан бошқа вилоятга бориб, дарс бераётган ўқитувчининг ойлигига 100 фоиз устама берилиши, ўқитувчиларнинг яхши дарс беришига, қолаверса, ёшларнинг ўқитувчилик касбига бўлган қизиқиши ошишига замин яратади, деб ўйлайман.

Ўқитувчиларга тоифа бериш ва уларнинг малакасини ошириш, машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши ҳар бир педагог ходимни руҳлантиради, албатта.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада бола туғилгандан бошлаб то 30 ёшгача бўлган давригача уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратамиз, деб алоҳида таъкидлади.

Мурожаатномада илгари сурилган вазифалар ижроси давлатимиз тараққиёти, халқимиз тақдирида тарихий ўзгариш ва янгиланишларга пойдевор яратади, деб айтишга тўла асос бор. Бу жараёнда ҳар биримиз, хусусан, депутатлар ўз иштирокимиз нималардан иборат бўлишини аниқ белгилаб олишимиз лозим бўлади.

 

“Ўзбекистон овози”, №1, 06.01.2021

Теглар

Депутат Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш