Ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича марказлар керак

 

Давлат дастурига таклифлар:

 

Президентимиз бу йилги Мурожаатномасида Халқ демократик партияси учун принципиал аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди, уларнинг ечими бўйича аниқ йўналишлар белгилаб берилди. Шунинг учун Халқ демократик партияси унда белгиланган вазифаларни, ғояларни фаол қўллаб-қувватлайди, дастурий мақсадларига эришиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича устувор ҳужжат сифатида ёндашади.

Айтиш керакки, айни кунларда Мурожаатнома асосида қабул қилинадиган жорий йилги Давлат дастурига партиямиз депутатлари, фаоллари томонидан 6 та муҳим йўналиш бўйича таклифлар билдирилмоқда. Ҳозиргача 100 дан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Шунингдек, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, фракция аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари етакчилари, маҳаллий кенгашлар депутатлари масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

 

Зулфия Туйева, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси:

– Мурожаатномада узоқ қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш, имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш моделини йўлга қўйиш белгиланди. Биз бу масаланинг муҳимлигини Сайловолди дастуримизда алоҳида қайд этганмиз.

Хусусан, тегишли педагогик маълумотга эга, лекин мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёлларни мактабгача таълим ҳудудий органлари тизимида оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатида уй меҳнатини ташкил этиш бўйича муҳим мақсад ва вазифалар белгиланган.

Шу ҳақда гап кетганда бир таклиф айтмоқчи эдим: ўқитувчиларни компьютер, ноутбуклар ва интернет тармоғига уланиш учун модемлар билан таъминлаш мақсадида кам фоизли кредитлар ажратиш амалиётини жорий этиш керак, деб ўйлайман. Бу нафақат ўқитувчининг ўз устида ишлаши учун хизмат қилади, балки ахборот коммуникация технологиялари имкониятидан кенг фойдаланиш, илғор халқаро педагогик тажрибаларни ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, ўқитувчилар учун арзон интернет тарифлари ҳам жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўлади, назаримда.

Маълумки, ўтган йилдан бошлаб ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизими ислоҳ қилиниб, коллежлар негизида профессионал таълим муассасаларининг янги тармоғи шакллантирилмоқда. Бироқ уларнинг ҳаммасида имконияти чекланган ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун тўлиқ имкониятлар мавжуд эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда, барча вилоят марказларида ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш ва касбга тайёрлаш бўйича касб-ҳунар мактаблари фаолиятини ҳам йўлга қўйиш таклифини давлат дастурларига киритиш лозим, деб ўйлайман.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Давлат дастурига таклифлар
← Рўйхатга қайтиш