Давлат дастурига таклифлар:
Халилла Ешимбетов, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси:
– Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар, энг аввало, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш шароитини яратиб бериш, ҳаётдан рози бўлган ҳолда яшашига эришиши лозимлигига қаратилган. Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва турмуш фаровонлигини ошириш ислоҳотларнинг пировард мақсади бўлиши, аҳолининг минимал харажатлари эълон қилиниши, вақтинча ишсизлик нафақаси оширилиши, ногиронликни белгилаш бўйича ижтимоий моделга ўтилиши билан боғлиқ вазифалар белгиланди.
Партиямиз бу муҳим ғояларга ўз дастурий мақсадларига эришиш йўлидаги устувор вазифа, деб қарайди. Тўғри, партиямиз тизимида айнан ушбу йўналишларга қаратилган бир нечта лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Аммо эндиликда бу борадаги ишларимиз ва лойиҳаларимизни бугунги юксак талаблардан келиб чиқиб, қайтадан режалаштиришимиз керак, деб ўйлайман.
Аҳолининг етарли даромадга эга бўлиши, фаровонлиги ортиши учун албатта, уларни иш билан таъминлаш керак. Лекин бир ҳақиқатни унутмайлик, очилаётган иш ўринлари барқарор ва барқарор даромад манбаига айланмас экан, биз фаровонлик ҳақида гапира олмаймиз. Шунинг учун бандлик дастурларига киритилаётган ва шу асосда яратилаётган иш ўринларини ҳам депутатлик ва парламент назорати шаклида мунтазам ўрганиб боришимиз керак. Демак, парламент назоратини кучайтириш бўйича янги ҳуқуқий механизмлар керак, бу ҳам Давлат дастурида назарда тутилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Хўш, иш ўрни очилди ҳам дейлик. Ходимга қанча ҳақ тўланяпти? Бугун очилган иш ўрни эртага маълум бир сабабларга кўра ёпилиб кетмаяптими? Ҳисоботларда бонг уриб ёзилган, аниқроғи, яратилган иш ўринлари аслида ҳақиқийми? Ана шу саволларга жавоб топиш керак. Қуруқ қоғозларни кўздан кечириб эмас, жойлардаги реал ҳолатдан, вазиятдан келиб чиқиб жавоб бериш керак. Гап аҳолининг тахминан 12-15 фоизининг ҳаёти, даромади ва яхши яшаши ҳақида кетганда белни маҳкам боғлаб ишга киришишимиз талаб этилади. Чунки аҳолининг айнан шу қатлами бизнинг электорат ҳисобланади.