Интернетсиз таълимни риожлантириб бўлмайди

 

Давлат дастурига таклифлар:

 

Абдулҳамид Нурматов, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси:

– Президентимиз “Умумтаълим мактабларидаги таълим сифати пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам юқори бўлиши шарт”, дея алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу олис қишлоқларда илмга, таълим олишга интилиб яшаётган минг-минглаб ўқувчиларни руҳлантирди, ўқишга қизиқишини оширди, деб ўйлайман.

Фикримча, таълим сифати барча жойларда бир хил бўлиши учун таълим муассасаларида ўқитувчилар ва ўқувчиларга етарли шароитлар яратилиши зарур. Тўғрисини айтиш керак, синф хоналарини иситиш масаласида бу йил аввалги йилларга нисбатан олганда катта ижобий ўзгаришларга эришилди. Лекин интернет тармоғига уланиш, интернет тезлиги масалаларида муаммолар мавжуд. Шунингдек, пандемия даврида мактаб раҳбарларини турли йиғилишларга жалб этиш ҳам муаммолигича қолмоқда. Ушбу масалаларда назоратни кучайтириш, асосли таклифлар билан чиқишимиз зарур, деб ўйлайман.

Яна бир муҳим масала. Уйда таълим олаётган болаларни турли билимлар синовлари, фан олимпиадаларига, мактабдаги турли тадбирларга кенг жалб этиш чораларини кўришимиз керак. Одатда, бундай болалар тадбирлардан узилиб қолади. Бу эса унинг руҳиятига салбий таъсир этмасдан қолмайди.

Жорий йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилмоқда. Менимча, чин етим болалар учун қуриладиган ана шу уйларнинг сифатли бўлишини алоҳида назоратга олиш, назорат қилувчи орган ёки мутасаддиларни аниқ белгилаш зарур. Чунки ишлаётган, оилали одам янги қурилган ипотека уйига кўчиб киргач, баъзи сифатсиз ёки чала жойларни ўзи битказиб олиши мумкин. Етим бола эса бундай имкониятга эга эмаслигини унутмаслигимиз зарур.

 

Теглар

Давлат дастурига таклифлар
← Рўйхатга қайтиш