Қўшкўпир туман "Маданият” маҳалласида истиқомат қилувчи Ирода Ибодуллаева “Темир дафтар”дан чиқарилганидан мамнун. У хурсандчилигини шундай ифода этади:
– Боқувчимизни йўқотганимиз боис оиламиз жуда тушкун ва қийин аҳволда қолган эди. Болаларимни қандай боқаман, нима едириб, нима ичираман, уларнинг кийим-кечаги нима бўлади, деган саволлар хаёлимдан кетмас эди. Халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгашидаги ЎзХДП депутати Динора Сатторова томонидан оиламизнинг аҳволи, яшаш шароити ўрганилди ва “Темир дафтар” га киритилди.
Бир неча кундан сўнг депутат ташаббуси билан оиламизга қорамол олиб берилди, кўп вақт ўтмай бир сигиримиз иккита бўлди. Ҳар куни сигиримиз 7-8 литр сут беради. Рўзғордан ортганини бозорга чиқарамиз. Куни кеча оилавий шароитимни янада яхшилаш мақсадида кредитга парранда олдик. 70 бош парранданинг бераётган тухуми эса фойдадан ҳоли эмас. Минг шукрки, даромадимиз кундан-кунга кўпаймоқда. Ҳаракатда баракат, деган гап бежизга айтилмаган экан. Одам интилса, имкониятдан фойдаланса, фаровонлиги ошиб боравераркан.
Ҳозир Ирода Ибодуллаева “Темир дафтар”дан чиқарилди. У айни вақтда нафақат оиласи, балки жамиятимизга нафи тегадиган тадбиркорлик ишларини қилишни режалаштиряпти.
ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши