Халқ демократик партиясидан Қорақолпоғистон Республикаси Жоқарғы Кенгеси депутати Фахратдин Халилаев одамлар орасида юксак ҳурмат қозонган халқ вакилларидан бири. Уни кўп ҳолларда сайловчилар орасида учратасиз. Ҳар доим қандайдир муаммони ечиш, аҳоли мурожаатларини ўрганиш, ҳал этиш ишлари билан елиб, югуриб юради.
Депутат ташаббуси билан ҳудудлардаги муаммолар ўрганилиб, улар қонун доирасида ҳал этиляпти. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларнинг турмуш шароити ўрганилиб, уларга моддий томондан ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар доимий амалга ошириб келинмоқда.
Яқинда депутат Тахиатош туманидаги 41-сайлов округи “Тахиатош”, “Марказий”,“Айдын Жол”, “Обод макон”, “Шамчирақ” маҳаллаларидаги фуқаролар билан учрашувлар ўтказган эди. Унда сайловчиларнинг муаммо ва мурожжатларини эшитилди.
Мурожаатлар асосида жумладан, “Шамчирак” МФЙ 2 та, “Тахиатош” 1 та болалар майдончаси қуриб берилди. Шунингдек, ушбу маҳалла фуқаролар йиғинлари худудидаги бир қатор кўчаларнинг ички йўллари таъмирланиб, тунги ёритгич чироқлари ўрнатилди.
Кўприк солиш бу энг савобли ишлар сирасига киради. “Найман” МФЙ ҳамда “Тахиатош” МФЙ худудларидаги каналларга маҳаллий аҳолининг узоғини яқин қилиш мақсадида кўприк қуриб берилди.
Бундан ташқари, куюнчак депутатимиз томонидан “Шамчирақ” ҳамда “Айдын Жол” МФЙ да яшовчи 2 нафар уйсиз қолган фуқароларга уй қуришлари учун қурилиш моллари етказиб берилди.
“Обод макон” МФЙда яшовчи ёш ўспирин ака-сингиллар ота-онасининг бевақт вафотидан кейин қийин аҳволга тушиб қолишган эди. Электр энергияси ва табий газдан қарздорлиги ошган, яшаб келаётган уйининг аҳволи жуда аянчли аҳволга келиб қолган. Ушбу масалада Қорақолпоғистон Республикаси Жоқарғы Кенгеси депутати Фахратдин Халилаев электр энергияси ва табий газдан қарздорлигини тўлашда ва уйини тўлиқ таъмирлаб беришда яқиндан ёрдам кўрсатди.
Деупатат назоратидан коммунал хизматлар билан боғлиқ бўлган долзарб масалалар ҳам эътибордан четда қолмади. “Тахиатош” МФЙ даги канализация тармоқларидаги носозликлари бартараф этилиб, “Обод макон” МФЙ даги кўп қаватли уйларнинг канализация тармоқлари таъмирлаб берилди.
“Тахиатош” МФЙда икки қаватли уйда яшовчи фуқаролар ичимлик суви таъминоти йўқлиги туфайли бир неча йилдан бери қийналиб келишаётган эди. Депутат томонидан ушбу муаммо ижобий ҳал қилиниб, фуқароларни узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш ишлари йўлга қўйилди.
Ўтган йил давомида Қорақолпоғистон Республикаси Жоқарғы Кенгеси депутати Фахратдин Халилаев томонидан учрашувларда кўтарилган муаммолар бўйича тегишли идора вакилларига 22 та депутат сўровномаси юборилди. Шуларнинг 10 таси ижобий ҳал этилди, 7 та масаланинг ечими бўйича вақт ва маблағ талаб қилинганлиги боис жорий йил дастурларига киритилиши белгилаб қўйилди. 5 та масала бўйича хуқуқий тушунтириш берилди.
Шунингдек, фуқаролар томонидан жами 11 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 8 таси қаноатлантирилди, 3 таси бўйича хуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилди.
Халқнинг дарди ва қувончи билан бирга яшайдиган Фахратдин Халилаев сингари депутатларимизнинг мамлакатимиз манфаати йўлида қилаётган хайрли ишлари ҳар доим таҳсинга лойиқ.
Дауран Артиков,
Ўзбекистон ХДП Тахиатош туман кенгаши раиси.