Умумий гаплардан узоқроқ бўлиб, амалий натижа учун ишлаш керак

 

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида видеосеминар ташкил этилди. Унда Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халққа Мурожаатномасида белгиланган устуворликлардан келиб чиқиб, 2021 йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари олдида турган вазифалар муҳокама этилди.

Семинарда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари раҳбарлари ва аъзолари, туман (шаҳар) кенгаши масъул ходимлари иштирок этди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, парламентдаги партия фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова партия Мурожаатномада белгиланган вазифаларни, ғояларни фаол қўллаб-қувватлаши, дастурий мақсадларига эришиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича устувор ҳужжат сифатида ёндашишини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилдики, Мурожаатномада жамиятнинг барча соҳаларини демократик мезонлар асосида ислоҳ этиш бўйича стратегик вазифалар белгилаб берилди, уларни ҳаётга самарали жорий этиш фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, сиёсий партиялар, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Бу жараёнда партиянинг ҳар бир депутати фаол қатнашиши, одамлар билан доимий ишлаб, ҳудудлардаги муаммоларини ечишда ташаббус кўрсатиши керак. Бунинг учун аҳоли билан очиқ мулоқотларни кўпайтириш, мурожаатлар билан тизимли ишлаш, изчил депутатлик назоратини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Партия Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов депутатлар олдида турган вазифаларни аниқ йўналишларда айтиб ўтди.

Таъкидландики, партиянинг доимий эътиборида бўлиб келаётган долзарб ижтимоий масала – ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улардан келган мурожаатларни муддати кечикмаган ҳолда бартараф этиш чораларини кўриш муҳим масаладир.

“Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқаро билан алоҳида тартибда ишлаш, уларнинг ишга иштиёқи, касбга қизиқиши ва қобилиятини ўрганиб бориш, шу асосида яқиндан кўмак кўрсатиш, ўз ишини йўлга қўйиб ниятида юрган фуқароларга моддий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмайдиган масала ҳисобланади. Айниқса, ажратилаётган субсидиялар ва имтиёзли кредитларнинг манзиллилигини таъминлаш, бунда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш асосий вазифадир.

Семинарда, шунингдек, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари электорат манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий масалаларни ўрганиб, парламентда ташкил этиладиган “Ҳукумат соат”ларига вазирлик-идоралар ахборотини эшитиш бўйича масалалар тайёрлашда фаол қатнашиши кераклиги таъкидланди.

Қонун лойиҳаларининг ҳаётийлигини таъминлаш, ҳақиқатан ҳам ҳаётда ечимини кутиб турган ижтимоий муносабатларни тартибга солишга хизмат қиладиган тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар қабул қилиш мақсадида, қонун лойиҳалари юзасидан жамоатчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига ўз вақтида тақдим этиб бориш, ижро органлари раҳбарларининг ҳисоботларини Кенгашда эшитиш бўйича ташаббус кўрсатиш муҳим масала экани қайд этилди.

Семинарда, шунингдек, Жиззах вилоят партия кенгаши бўлим бошлиғи Нуриддин Холматов, Хоразм вилоят партия кенгаши бўлим бошлиғи Рустам Садуллаев, Тошкент шаҳар кенгаши раиси, партия гуруҳи раҳбари Нигора Эшметова, Қорақалпоғистон республика кенгаши бўлим бошлиғи Максетбай Серимбетов масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдирди. Шулар асосида партия гуруҳларининг электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларда ижтимоий масалаларга ечим топиш бўйича вазифалари белгиланди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш