Аёл ва ҳуқуқ. Республика кенгаши янгича мазмунда ишлаши керак

 

Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшамоқдамиз. Бундай шароитда миллий ва умуминсоний қадриятларни асраш, мустақилликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳар бир давлат олдида турган устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Мана шундай вазиятда одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишидаги таъсирига бардош бериши амримаҳол. Ҳар бир миллат ўз истиқболини камолга етаётган ёшлари тимсолида кўради. Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир ота-онанинг барча эзгу ниятида фарзандларини ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш орзуси мужассамдир.

Яхши маълумки, ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Муборак ислом динимизда ҳам аёлга мўтабар зот сифатида қаралади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.

Фуқаролик жамияти аёллардан ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини, манфаатларини ҳимоя қилишни ва улардан ўз муаммоларини ечишга бўлган табиий интилишни талаб қилади. Бугунги кунда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қонуний асослар яратилган. Галдаги вазифа қизларимизни билимли, ҳаёт сновларига чидамли, дунёга теран кўз билан қаровчи, ўз мустақил фикрига шахс сифатида тарбиялашдир. Бунинг асосида эса энг аввало билим туради. Индира Гандининг “Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз”, деган сўзларида катта ҳаётий ҳақиқат борлигига ҳаммамиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Оила аъзоларининг, айниқса онанинг ахлоқий-маънавий етуклиги ва маърифий қарашлари фарзанд тарбияси ва камолида энг зарур ва муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда жамиятимизда аёлларнинг барча соҳаларда фаоллиги сезиларли ошмоқда, лекин раҳбарлик ўринларида уларнинг озчилик эканлиги ҳам яққол кўринмоқда. Турли ташкилотларга қийин ҳолатга тушиб қолган, турмуш ўртоғи билан ажрашиб болалари билан турар жойсиз қолган аёллар тез-тез мурожаат қиладилар. Тегишли муассасалардан уларга ёрдамлар ташкил этилади. Менимча, қийин ҳолатдаги аёлга ёрдам ташкил этишдан, уни шу ҳолатга тушиб қолишдан сақлаш муҳимдир. Бу мақсадда эса Оила кодексига зарур ўзгартиришлар киритиш вақти келди. Шунингдек, қиз болаларимизни унинг тақдирини бошқалар ҳал қилишига бепарво қараб турадиган эмас, балки ўз бахти, ҳаётдаги ўрни учун кураша оладиган шахс этиб тарбиялашимиз зарур.

 Бунинг учун:

- Биринчидан, оилада ота-оналар томонидан фарзандларга тарбия бериш жараёнида миллий ва умуминсоний қадриятлар қаторида қизлар ва ўғил болаларнинг ҳуқуқий тенглиги ҳақида тушунча бериш.

- Иккинчидан, мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар мамлакат сиёсий ҳаётининг бўлажак иштирокчилари эканлиги сабабли қиз болага ҳурмат, уларни эъзозлаш ҳиссини уйғотувчи услубларнинг замонавий воситаларидан фойдаланиш;

- Учинчидан, умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларига жамиятда ҳуқуқий тенглик асослари, Оила кодекси ва гендер тенглик мавзусидаги қонунлар ҳақида маълумот бериш, қизларда ижтимоий фаоллик ва лидерлик хусусиятларини рағбатлантириш.

- Тўртинчидан, ўрта-махсус таълим, олий таълим ва ундан кейинги босқичларда сиёсий ва ҳуқуқий маданиятни тадқиқ этишга оид илмий-назарий ва амалий фаолиятга рағбат бериш, талабалар орасидан лидерлик қобилияти бор қизларда раҳбарлик хусусиятларни ривожлантириш.

- Бешинчидан, ёш қизларнинг сиёсий-ижтимоий тадбирларда фаол қатнишишини таъминлаш, мунозара ва дебатларда ўз фикрини ҳимоя қилиш асосларини ўргатиш.

- Олтинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларга хотин-қизларни кенг жалб этиш орқали уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш. Сиёсий партиялардаги аёллар қаноти фаолияти орқали хотин-қизларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш.

Юқорида кўрсатилган вазифаларни яхлит тизимга келтиришда Мурожаатномадаги ғоя асосида хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича Республика миқёсида тузилаётган кенгаш катта мавқега эга бўлади.

Жамиятда фаол аёллар қатламини таркиб топтириш, уларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш Кенгашнинг асосий вазифаси этиб белгиланиши керак, деб ўйлайман.

Телерадиокомпания каналларида ижтимоий, сиёсий, иқтисодий масалаларнинг аёллар томонидан муҳокама этилишига бағишланган тизимли кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил этилиши, бу йўналиш бўйича тарғиботнинг самарали усули бўлиб хизмат қилади.

ОТМларда юқори натижаларга эга бўлган, жамоа ишларида фаоллик кўрсатган талаба қизларга махсус стипендиялар жорий этиш талаба қизлар рақобатбардош мутахассис бўлишига туртки бўларди.

Маълум тайёргарлик ва тажрибага эга, ўз фазилатлари билан ўрнак бўладиган аёллар раҳбарлик лавозимларига тайинланиши эса улар ортидан кўплаб қизлар эргашишига асос бўлади. Шу тариқа жамиятнинг барча қатламларида ижобий ўзгаришлар бўй кўрсатади.

 

Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш