Ҳурматимиз чексиз сизга, азиз Ватан ҳимоячилари!

 

Инсон ҳамиша мақсад билан, интилиш билан яшайди. Ҳар қандай эзгу ниятнинг амалга ошиши, аввало, жамиятдаги тинчлик ва хотиржамликка боғлиқ. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир. Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида дунёда кескинлик ва хавф-хатарлар тобора ўсиб, геосиёсий қарама-қаршиликлар, молиявий-иқтисодий инқирозлар давом этаётган бир пайтда киши учун тинчликнинг, осойишталикнинг қадр-қимматини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Шунинг учун ҳам биз ўз тақдирини, ҳаётини Ватан ҳимоясидек муқаддас ва шарафли вазифа билан боғлаган, мўъжаз Ватан саналмиш оилага қалқон бўлиб келаётган эр-йигитлар, мард ва жасур, садоқатли ўғлонларимиз билан чин маънода фахрланамиз. Мен ҳам онаман, ўғилларим ҳарбий хизматни ўтаган, шунинг учун бунинг қандай саодат эканини юрак-юрагимдан ҳис қилиб турибман.

Айтиш керакки, ўтган давр мобайнида Қуролли Кучларда амалга оширилган улкан ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг ташкилий тузилмалари бутунлай қайта кўриб чиқилди, Қуролли Кучларни тезкор-стратегик бошқаришнинг замонавий ва самарали тизими яратилди. Қўшин турларининг ўзаро ҳаракатланишини такомиллаштириш, уларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш, жанговар ва ўқув тайёргарликнинг маъно-мазмунини ўзгартириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тубдан яхшиланди.

Бир пайтлар, яъни 80-йилларнинг бошида юрт ўғлонлари ҳарбий хизматга узоқ юртга жўнаб кетарди. Ота-оналар, яқинлар болаларини йиғи-сиғи билан кузатарди. Чунки фарзанд тақдири қандай кечиши қоронғи эди-да. Одамлар болаларимиз соғ-саломат қайтишадими-йўқми, қайтиб кўрармиканмиз, деган ҳадик билан яшарди. Оналар бир энлик хат кутиб, туну кун интизор бўлиб, кўчага термуларди, икки йил кун санаб кутарди. Мен ҳам онаман, бунинг нақадар оғирлигини бутун вужудим билан ҳис қиляпман...

Бугун эса вазият бутунлай бошқача. Ўғлонларимизни байрам қилиб кузатамиз, байрам қилиб кутиб оламиз. Улар ўз юртимизда, кўнглимиз хотиржам. Ҳозир ота-оналар ҳарбий қисмга бориб, фарзанди билан дийдорлашиши, суҳбатлаши мумкин.

Маълумотларга кўра, 90-йилларда маҳаллий офицерлар ҳарбий кадрларнинг бор-йўғи 0,6 фоизини ташкил этган экан. Истиқлолга эришганимиздан сўнг бу борада катта ислоҳотлар амалга оширилди, маҳаллий ҳарбий кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратилди. 1995 йилда Марказий Осиёдаги дастлабки Қуролли Кучлар Академияси ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган сержантлар тайёрлаш мактабларида соҳанинг барча бўғинлари учун юксак маънавий-ахлоқий ва етакчилик фазилатларига эга, интеллектуал салоҳияти юқори кичик командирлар тайёрланмоқда.

Соҳада яратилган шароит ва имкониятлар натижасида армия мутлақо янгича, замонавий ва юксак маънавий асосда ташкил этилди. Тўла маънода айтиш керакки, у миллатнинг шаъни, шавкатини ҳимоя қилувчи, асровчи улкан кучга айланди. Шунинг учун ёшлар ўз она юртига хизмат қилишни муқаддас бурч, деб билади. Ватанни ҳимоялаш улар учун алоҳида маъно-мазмунга эга бўлиб бормоқда. Бу ёш авлодимизда ҳақиқатан ҳам мардлик ва мустаҳкам ирода, юксак ватанпарварлик туйғусини, Ватанимизга севги ва садоқат ҳислари борлигини ифодалайди.

Бугун армияда хизмат қилиш бурчгина эмас, балки олий шараф ҳисобланади. Ор-номусли йигит борки, Ватан ҳимоясини ҳаётининг мазмуни, деб билади. Мустақил ҳаёт остонасида турган қайси йигит билан суҳбатлашманг, барчасининг юз-кўзида, сўзларида келажакка ишонч, Ватанга садоқат, эл-юртга хизмат қилиш мақсадини кўрасиз. Энг муҳими, теран фикрлайдиган, юрагида шу юрт учун садоқатли авлод камолга етмоқда. Бундан ота-оналарнинг ҳам боши осмонга етмоқда, кўнгилларда ўз фарзандини миллий армиямиз сафида кўриш мақсади ёнмоқда.

Албаттада, Ватанни кўз қорачиғидек асраб келаётган ҳарбийларимиз, йигитлик бурчини ўтаётган азамат ўғлонларимизга оила аъзолари садоқат билан суянч бўлиб туриши керак. Ёшларни ватанпарварлик руҳида камол топтириш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилишга шароит яратишимиз талаб этилади. Ҳар биримиз, энг аввало, фарзандларимизга, оила аъзоларимизга тинчликнинг, осуда ҳаётнинг қадрини, қимматини тушунтириб беришимиз, тинчликка, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз керак, деб ўйлайман. Зотан, фарзанди келажагидан кўнгли тўқ, тинчлигимиз барқарорлигига ишонган, ўз тақдиридан рози бахтиёр оналаримиз кўпаяверсин!

Бугунги қутлуғ айёмда шарафли, олижаноб бурчини — Ватанни ҳимоя қилишдек буюк вазифани масъулият билан адо этаётган ҳарбий хизматчиларни, мард ва жасур эр-йигитларга самимий миннатдорчилик билдираман. Ватанга садоқат билан хизмат қилиш йўлида мустаҳкам соғлик, куч-қувват тилайман.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш