Камбағаликка қарши қатъий курашилади

 

Давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган бу йилги Мурожаатномасини тинглар эканмиз, жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг эхтиёжманд қатламини ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қуватлаш орқали фаровонликни оширишга қаратилганлигини кўришимиз мумкин.

Дарҳақиқат, пандемия бутун жаҳон иқтисодиёти билан бир қаторда мамлакатимиз иқтисодиёти учун ҳам жуда катта зарба берди ва бу жараёнда аҳоли даромадларининг пасайишини олдини олиш учун ўз вақтида амалга оширилган чора-тадбирлар иқтисодиётимизни ривожланишдан тўхтаб қолмаслигида муҳим омиллардан бўлди.

Муҳими, бу жараёнда саросимага тушмасдан, ҳукумат томонидан ўз вақтида қабул қилинган ҳал қилувчи қарорлар пандемиянинг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтиришга хизмат қилди.

Мурожаатномада камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг эхтиёжманд қатламини ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Эндиликда камбағаллиқдан чиқаришнинг самарали усуллари, аниқ йўналишларини белгилаб олиниши зарурлиги, бунинг учун таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик сув, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб борилиши, “темир дафтар”ни жорий этишдан мақсад – эҳтиёжманд аҳолини тўғри аниқлаш ва шу асосда улар билан манзилли ишлашни ташкил этиш масаласига алоҳида урғу берилди.

Келгуси йилдан тўлиқ ишга тушадиган “Ижтимоий реестр”да “Темир дафтар”даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилиши, 2021 йил 1 мартдан бошлаб аҳолининг “Минимал истеъмол харажатлари” эълон қилиниши таъкидлаб ўтилди. Бу эса партиямиз сайловолди дастуридан ўрин олган халқимизнинг оғриқли нуқталаридан бири бўлган масаланинг аниқ ечими ҳисобланади. “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилиши ҳам бу жараёнда муҳим ҳал қилувчи омил бўлади.

Бундан ташқари, камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши кераклигини инобатга олиб, келгуси йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилиши, бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилиши, ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга эса ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар бериб борилиши белгилаб берилди.

Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилиши аҳоли бандлигини таъминлашга ва қўшимча даромад олинишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилиши минглаб янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳолини камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслик учун келгуси йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилмоқда. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга) оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади. Бу эса ишсиз қолган, лекин ишсизлик нафақаси камлиги ҳамда талаб этиладиган ҳужжатларни кўплиги сабабли ишсизлик нафақасига мурожаат қилмай юрган фуқароларимизга катта ёрдам бўлади.

Мурожаатномада камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозимлиги таъкидланди. Бу бизга катта масъулият юклайди, албатта. Қатъий парламент назоратини олиб бориш билан бир қаторда давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилувчи ҳуқуқий асосларни яратиш, мукаммал қонунлар ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этишда фаолликни ва талабчанликни кучайтиришимиз керак.

 

Аваз Ўринбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш