«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун кучга кирди

 

Меҳр-мурувватли, эзгуликни қадрловчи халқмиз. Шундан бўлса керак, жисмоний имконияти чекланганларга эътибор кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш устувор ва муҳим масалага айланди.

Албатта, жамиятда ҳар бир инсоннинг ўз ўрни бор. Унинг ҳам ёнидаги, атрофидаги одамлар каби ўз ҳуқуқи бор. Шунинг учун ҳам ногиронлиги бор шахсларнинг ҳам бошқалардан кам бўлмаган шароитда яшаши, саломатликлигини тиклаши, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун барча шароитлари яратиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат ва инсонийлик туйғулари уларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, турмуш даражасини ошириш ишларида яққол намоён бўлмоқда.

Бундан 3 ой олдин, яъни 2020 йил 15 октябрда Президентимиз томонидан «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги янги қонун имзоланди. Ушбу қонун 2021 йилнинг 16 январидан расмий кучга кирди.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 760 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда. БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясининг халқаро стандартлари ва талабларини, шунингдек, “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамасидан фойдаланишни назарда тутувчи “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун катта ҳуқуқий майдон яратди.

ЎзХДПнинг Сайловолди платформасида, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, етим-есирлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг кам таъминланган аҳоли қатлами, биринчи навбатда ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Мазкур устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи Ожизлар ва Ўзбекистон Карлар Жамиятлари билан меъморандумлар имзоланган.

Партиянинг Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонунни ҳақли равишда миллий қонунчиликнинг ютуғи, деб ҳисоблаш мумкин. Чунки илк бор ногиронлик ижтимоий ҳимоя ёки тиббиёт муаммоси эмас, балки биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари муаммоси сифатида таърифланди. 

Aсосий янгиликлардан яна бири шуки, илгари қонунчилигимизда бўлмаган «ногиронлик белгисига кўра камситиш» тушунчасидир. Янги қонуннинг 6-моддасида ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик тамойили яъни ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланиши акс этди. .

Янги қонунда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ушбу Қонуннинг қоидалари бажарилишини таъминлашга қаратилган келишилган саъй-ҳаракатларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилиши белгиланди.

Шунингдек, янги Қонунда яна бир энг муҳим ижтимоий масала кўтарилган. Яъни давлат ногиронлиги бўлган шахсларга ва ўз таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оилаларга уй-жойни қулай нархлар бўйича олиш учун зарур шарт-шароитлар ҳамда имкониятларни таъминлайди, деб белгиланган. Бу ўз навбатида, уй-жойга ёки уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларга яратилаётган яна бир ижтимоий муаммонинг ҳал этилишининг ҳуқуқий механизмидир.

Эртанги кун учун қайғурадиган, инсон манфаатини олий қадрият, деб биладиган давлат ўз фуқароларининг фаровон турмуши ва саломатлигини муҳофазалашга алоҳида эътибор қаратади. Жамиятнинг соғломлиги эса бир жиҳатдан ногиронлиги бор шахсларга муносабати билан ҳам белгиланади. Қонунга асосоан, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган меҳмонхоналарнинг умумий хоналар фондининг камида битта хонасини ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозлаш, шунингдек, эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг тегишли эҳтиёжларига мувофиқ эълонлар учун дисплейлар ҳамда овозли қурилмалар ўрнатилишини таъминлаши шарт. Бу ногиронлиги бўлган шахсларнинг мамлакатимизда ички туризм соҳасидаги имкониятларини кенгайтиради, уларнинг хуқуқларини таъминлашдга хизмат қилади.

Очиғини айтиш керак, шу пайтга қадар ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда бир қатор муаммолар бор эди. Қонун орқали эндиликда бу масалалар ечимини топадиган бўлди. Қонунга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш бўйича харажатларга доир мажбуриятларни молиялаштириш, шу жумладан, уларни тайёрлаш ва таъмирлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Демак, ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез-ортопедия мосламалари ва уларни реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш имкониятлари янада кенгаяди.

Аҳамиятли яна бир томони, янги қонунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ногиронларни иш билан таъминлаш учун ишчилар умумий сонининг камида 3% миқдорида иш жойларининг минимал миқдорини белгилаш ваколатлари сақланиб қолинди.

Умуман олганда, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонун ногиронлиги бор шахсларнинг ҳаётида туб бурилиш ясади, дейиш мумкин. Унда белгиланган вазифалар тўла-тўкис бажарилиши ногиронлиги бўлган шахслар, уларнинг оилалари учун жуда ҳаётий аҳамиятга эга.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

 
← Рўйхатга қайтиш