Мурожаатлар билан ишлаш, одамлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, халқ ичига кириш, унинг дарди ва ташвиши билан яшаш бугун нафақат давлат идоралари раҳбарлари, балки депутатларнинг ҳам долзарб вазифасига айланди. Бу бежизга эмас, албатта.
Депутат аҳоли орасига кириб борса, улар билан елкама-елка турса, муаммоларнинг аниқ илдизига етиб боради, уларни ҳал этиш учун ўткир таклифлар бера олади. Буни «депутатман», дея халқ юкини елкасига олган ҳар бир инсон чуқур англамоқда.
Куни кеча Пешкў тумани 38-сайлов округидан сайланган халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Ш.Тешаев туман аҳолиси билан учрашиб, сайловчилар билан мулоқотда бўлди.
Сайёр қабулда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Иноятов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ғ.Саидов, туман ҳокими В.Қаҳҳоров ва Ўзбекистон ХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси Р.Казимова ҳам иштирок этишди.
Суҳбат давомида одамлар нафақат ўзларининг шахсий масалалари, айни пайтда, бевосита ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммоларини, уларнинг ечимига қаратилган таклиф ва ташаббусларни ҳам илгари суришди.
Кўчаларни ободонлаштириш, моддий ёрдам, бандлик, уй-жой, йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ ўнлаб муаммолар юзасидан 80 га яқин мурожаат ёзиб олинди. Энг кўп мурожаат аҳоли саломатлиги борасида бўлди.
Жумладан, 1970 йилда туғилган Озод Бобоев бош мия ўсмаси туфайли кўришда нуқсони борлигини, уйда даволаниши учун дори-дармон лозимлигини билдириб, депутатдан мадад сўради. Фуқаронинг мурожаати эътиборга олиниб, тегишли мутасаддиларга йўналтирилди.
Фарида Деҳқонова Пешкў МФЙ, Амир Темур кўчасида яшайди, туғма юрак пороги бор. Ҳозир операцияга муҳтож. Дилшода Давронова ҳам юрагини операция қилдириши кераклигни айтди. “Туркистон” МФЙ, Обод турмуш қишлоғида истиқомат қилувчи Олтибой Холовнинг эса юрагига стенд қўйиш керак...
Фуқаролар билан мулоқотдан сўнг уларнинг реабилитацияси учун бепул ордер расмийлаштириладиган бўлди. Шунингдек, Шавқиддин Ғайбуллаев, Саъдулло Сувонов, Майсара Эргашева, Мадина Холова, Асилбек Ўринбоевларга саломатликларини тиклаб олишлари учун имтиёз бериладиган бўлди.
Аҳолидан тушган барча мурожаатлар жойида ечим топиб айримлари назоратга олинди ва келгуси ҳафтада аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишга келишиб олинди.
Фуқаролар мурожаат қилган масалалар юзасидан муаммоларни ҳал этишни вилоят Кенгаши депутатлари Шуҳрат Тешаев ва Ғафур Саидовлар ўз назоратига олишди.
Албатта, узоқ вақтдан буён ҳал бўлмай келаётган масалаларнинг ҳаммасига бир сайёр қабул доирасида ечим топиши мушкул. Муҳими, улар ўз ташвишларини бизга ишонишмоқда, муаммоларини ечишда бизга суянишмоқда. Шунинг ўзи депутатнинг ғайратига-ғайрат қўшиши аниқ.
Шаҳло Бақоева