Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли ва манзилли лойиҳалар амалга оширилади

 

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қуватлаш бўйича партия депутатлик гуруҳлари ҳамда партия ташкилотларининг олдида турган муҳим вазифалар” мавзусида амалий семинар ташкил этилди. Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДПнинг маҳаллий кенгашлардаги аёл депутатлари ва фаоллар иштирок этди.

Дастлаб давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, бу борадаги давлат сиёсатини янада ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар, уларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритилди.

Қайд этилдики, Мурожаатномада хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, имтиёзли кредитлар ажратиш каби бир қатор муҳим масалалар бўйича йўналишлар белгилангани аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича ислоҳотлар жадал суратларда давом этишини англатади.

 Эндиги энг асосий масала мазкур вазифаларни самарали бажаришимизга боғлиқ. Бу борада нафақат маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар, шу билан бирга, парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаоллик кўрсатиши талаб этилади, дейишди сўзга чиққанлар.

Амалий семинар кутилганидан ҳам қизиқарли ташкил этилди. Иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари бир-бирини тўлдирди, таклифлар кўпайди, савол-жавоблар, кескин фикрлар, ўткир муаммолар очиқ-ойдин таҳлил қилинди.

 

Таклифим шуки...

Амалий семинарда партия фаол аёллари, депутатлар томонидан ҳудудларда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қуватлаш масаласида учраётган муаммолар, хато ва камчиликлар очиқ-ойдин таҳлил этилди. Мазкур йўналишдаги ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, хотин-қизлар манфаати билан боғлиқ ижтимоий муаммолар янада чуқурлашиши, бундан партия электорати жабр кўриши мумкинлиги таъкидланди. Партия фаоллари ва депутатлар аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ таклифларини билдиришди.

 

Гулшан Асатова, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

– Янгича усул ва механизмлардан фойдаланган ҳолда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган хотин-қизлар муаммоларини манзилли ўрганиб, уларга кўмак бериш ишларини тубдан такомиллаштириш лозим. Боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган аёллар, пенсонерлар, ёлғиз кексалар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан қай даражада фойдаланаётганини янада чуқурроқ ўрганиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ишларининг самарадорлигини ошириш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

 

Дилбар Мамажонова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Хотин-қизларни ўйлантираётган энг асосий муаммолардан бири, уларнинг бандлигини таъминлашдир. Муаммоларнинг кўпи ҳам шу масалага боғлиқ бўлиб қолмоқда. Олдимизда турган муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларга берилаётган имтиёз ва имкониятларни кенг тарғиб этишдан иборат.

Шунингдек, субсидия ва бошқа маблағлар мақсадли йўналтирилиши, ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи борлар тўлиқ ўрганилиши жуда муҳим. Мана шу жараёнда депутатлар фаоллик кўрсатса, ҳаммани масъулиятли бўлишга ундаса, аҳоли билан яқин муносабат, мулоқот муҳити ўрнатилади, деб ўйлайман.

 

Мавжуда Ҳасанова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Фикримча. биз аёлларимизни ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсдан, ижтимоий фаол шахсга айлантиришимиз лозим. Барча даражадаги депутатлар, маҳаллалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, биргаликда ижтимоий ҳимояга муҳтож, яшаш шароити оғир, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан алоҳида тартибда ишлашимиз керак. Бир нарсани унутмайлик, нимагадир қизиқиш, қобилият ҳаммада ҳам бор. Фақат кимлардадир турмуш ташвишлари, иқтисодий қийинчиликлар, оиладаги баъзи муаммолар сабабли истеъдод рўёбга чиқмайди.

Демак, ҳар бир ҳотин-қизнинг орзулари, кечинмалари, мақсадларини ўрганишимиз, муаммоларини ҳал этиш учун улар билан елкама-елка туришимиз керак. Қўлидан иш келадиган аёлларга яқиндан туриб кўмак берсак. бу орқали минг-минглаб оилаларнинг даромади ошади, жамият янада ривожланади.

Амалий семинарда шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Сайёра Имомова, ЎзХДП Бўстон туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Матлубахон Тўйчиева, Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши сектор мудири Қурсия Шарипова, халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши депутати Нодира Сапарова  сўзга чиқиб, мавзу юзасидан таклиф-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

 

Чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди...

Семинар якунида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, “Аёллар” дафтарига киритилган хотин-қизларга кўмак бериш мақсадида “Аёллар масалалари партия эътиборида” лойиҳасини амалга ошириш белгиланди.

Олис ҳудудлардаги хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг тиббий маданиятини ошириш мақсадида тадбирлар, бепул тиббий кўрик акцияларини изчил ўтказиш кераклиги таъкидланди.

Республикадаги мавжуд 12 та “Мурувват” ногирон аёллар учун интернат уйлари тарбияланувчилари ҳолидан хабар олиб, муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этишда кўмаклашиш мақсадида “Муҳтожларга мурувватли бўлайлик!” акциясини ўтказиш режаси тасдиқланди.

Партиянинг хотин-қизлар билан боғлиқ фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича яна бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат Давлат дастурига таклифлар
← Рўйхатга қайтиш