Улуғ мақсадга элтувчи йўл

 

Жаҳонда кечаётган коронавирус пандемияси бутун инсоният олдига кутилмаган синовларни қўяётган бир пайтда, глобал офатнинг иккинчи ва учунчи тўлқиларини бошидан кечираётган давлатлар яқин келажакда уларни қандай тўсиқлар кутиб турганлигини англашга қийналиб турган бир ҳолатда Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси Ўзбекистон халқи учун мамлакат истиқболини аниқ тасаввур қилиш имконини берадиган воқеа бўлди.

Мурожаатномада ижтимоий ва иқтисодий ҳаётимизнинг деярлик барча жабҳаларини қамраб олган ҳолда нафақат 2021 йил учун вазифалар, шунингдек яқин 5-10 йил ичида энг устувор йўналишларда эришишимиз лозим бўлган мақсадлар белгилаб берилди. Ўзбекистон ўз олдига Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйиши яқин йиллар ичида нафақат илм, фан ва технологияларни ривожлантиришни, балки иқтисодиётнинг барча жабҳаларини ҳам замонавийлаштиришни кўзда тутмоқда. Шу нуқтаи назардан ушбу Мурожаатномани стратегик аҳамиятга эга бўлган хужжат сифатида қабул қилишимиз табиийдир. Чунки, Президентимиз олға сурган ғоя – “Учунчи Ренессанс асосларини яратиш” – яқин келажакда амалга оширилиши лозим булган барча стратегик вазифаларнинг бош мақсади бўлиб қолади.

 

Имкониятлар самараси уйғунликда

Пандемия жаҳон иқтисодиётига миллиард-миллиард доллар зарар етказиб турган бир пайтда бундай улуғвор мақсад ва вазифаларни олдимизга қўйишда қанчалик даражада асос бор? Учинчи Ренессанс учун муҳит ва шароитларни қандай яратамиз? Бу саволларга жавоб топиш учун кейинги тўрт йил, айниқса ўтган синовли 2020 йилда Президент бошчилигида Ўзбек халқи босиб ўтган йўл ва ошиб ўтилган довонларни синчиклаб урганишимиз керак.

Синовли 2020 йилда халқимиз учун кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммолар, Бухоро ва Сардобада юз берган табиий ва техноген офатлар, пандемиянинг салбий таъсири ва оқибатлари шароитида аҳолининг соғлигини сақлаш, энг заиф аҳоли қатламини ижтимоий ҳимоя қилишда, Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимиз букилмас ирода ва матонат кўрсатди.

Мана шундай бир шароитда Ўзбекистонда, давлатимиз раҳбари бошчилигида жараёнларни тезкор бошқара оладиган тизим шаклланди, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг пандемиянинг Ўзбекистонга таъсири бошлангандан буён қабул қилган фармон ва қарорлари, тадбиркорларга тақдим этилаётган кўплаб имтиёз ва преференциялар, нафақат йирик корхоналар, шунингдек энг кичик бизнес субъектларининг ҳам фаоллигини сақлаб қолишга қаратилган чора ва тадбирлар ўзининг кутилган натижаларини бера бошлади. Ўтган йилги синовларга қарамасдан, Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қаторида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди

Пандемияга қарамасдан Ўзбекистонда ислохотлар ва бунёдкорлик ишлари давом эттирилди. 2020 йилда республикамизда 200 га яқин йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма объектлари барпо этилди. Давлат активларидан самарали фойдаланиш ҳамда хусусийлаштириш борасида ўн йиллаб кечиктириб келинаётган ислоҳотларга Президентимиз ташаббуси билан кенг йўл очиб берилди.

Чет эллик ҳамкорлар ҳамда ҳалқаро молия ташкилотлари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишонч борган сари ортиб бормоқда. Бунинг тасдиғи сифатида Европа Иттифоқи тузилмалари томонидан мамлакатимизга кенгайтирилган савдо преференциялари – “GSP+” тизимини тақдим этилишини келтириш мумкин. Бундан ташқари Ўзбекистон ўтган йилда халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятларини янада оширди. Президентимиз мурожаатномада эътироф этганларидек “Биргина энергетика соҳасида хорижий инвесторлар билан давлат-хусусий шериклик асосида 6 та янги электр станциясини барпо этиш ишлари бошланди. Уларнинг умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлиб, 2 минг 700 мегаватт қувватга эга”. 

Яна бир муҳим жиҳат, пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда жаҳон тажрибасида ҳеч бир аналоги бўлмаган тизим жорий қилинди. Бунинг учун, бундан 4-5 йил олдин тилга олиш ҳам мумкин бўлмаган, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик мавжудлиги тан олиниб, уни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – “темир дафтар” тизими жорий этилди. Бундан ташқари, тадбиркорликни қўллаб қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзлари, имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилди.

Умуман олганда, пандемия шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб қувватлаш ҳамда иқтисодиётда тадбиркорлик фаоллигини сақлаб қолиш сиёсати давлат ва бизнес имкониятларини самарали уйғунлаштира олди. Давлатимиз раҳбарининг “Пандемиядан кучли булиб чикишнинг бирдан бир йули - кичик бизнес ва тадбиркорликка кулай муҳит яратиш” деб айтган сўзлари амалда ўз исботини топди.

 

Иқтисодий ўсишда тўсиқлар қандай бартараф этилади?

Яқинда Жаҳон Банкининг 2021 йил учун жаҳон иқтисодиётининг истиқболларига оид шарҳи эълон қилинди. Унга кўра, Европа давлатларида кузатилаётган пандемиянинг навбатдаги тўлқини минтақа иқтисодиётида ишбилармонлик фаоллиги ошишига тўсқинлик қилишини ҳисобга олган ҳолда Марказий Европа давлатларида йиллик иқтисодий ўсиш 3,6 фоиз, Шарқий Европа давлатларида эса 1,3 фоизни ташкил қилади. Шу жумладан Россия Федерациясида ўсиш 2,6 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. Европа ва Марказий Осиё давлатларини биргаликда қараганда энг юқори ўсиш суръатлари Туркия ва Ўзбекистонда 4,3-4,5 фоиз атрофида кузатилиши эътироф этилган.

Жаҳон банкининг Ўзбекистонда жорий йилда иқтисодий ўсиш имкониятларини нисбатан юқори баҳолаётганлиги бежиз эмас. Чунки кейинги тўрт йилда иқтисодиётимиз очиқликка юз тутди, демократик ислоҳотлар билан бирга иқтисодиётнинг барча жабҳаларига бозор механизмларини жорий этиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Шу туфайли ҳам Президентимиз ўз мурожаатида “Эндиги вазифа – чуқур таркибий ислоҳотлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсишнинг пойдеворини яратишдан иборат” деб бежиз айтмадилар.

Таркибий ислоҳотлар асосини нафақат тармоқларнинг иқтисодиётдаги таркибини ўзгартириш ҳамда илмга асосланган юқори қўшимча қиймат яратувчи соҳаларни ривожлантириш, шунингдек хусусий мулк улушини кескин оширишни назарда тутувчи трансформацион жараёнларни жадаллаштиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар ташкил этади. Чунки давлат улуши сақланиб қолаётган айрим тармоқлар ва корхоналарда бозор механизмларига ўтишнинг кечикаётганлиги туфайли уларда илғор технологияларни жорий этиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, хусусий капитални фаол жалб қилишга интилиш суст даражада қолмоқда. Натижада ушбу корхоналар бозор шароитида рақобат нима эканлигини ҳанузгача билмасдан фаолият кўрсатаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ушбу ҳолатга чек қўйиш мақсадида ўтган йили Президентимизнинг махсус фармони билан давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар белгиланган эди. Унга кўра 2021 йилда стратегик аҳамиятга эга бўлган 32 та йирик корхона ва тармоқни трансформация қилиш ишлари амалга оширилади. Умуман олганда, мурожаатномада қайд этилишича, давлат улуши бўлган корхоналар сони, келгуси икки йилда камида 3 баробар қисқартирилади.

Давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш, давлат активларидан самарали фойдаланишда замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда рақобат муҳитини янада яхшилаш янги бошланган йилда иқтисодий ўсишга тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этишга хизмат қилади.

 

Молия бозорида трансформация жараёнлари

Таркибий ислоҳотларнинг яна бир йўналиши сифатида Банклар фаолиятини молия бозорининг замонавий талабларига мослаш, ушбу соҳада давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш Мурожаатномада муҳим вазифа сифатида қўйилди. 2021 йилда “Саноатқурилишбанк”, “Асака банк”, “Ипотека банк”, “Алоқа банк”, “Турон банк” ҳамда “Қишлоқ қурилиш банк”ни хусусийлаштиришга тайёрлаш ҳамда камида битта йирик банкдаги давлат улушини стратегик инвесторларга тўлиқ сотиш маслаласи қўйилди. Шунингдек банклар фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда рақамлаштирилган банк хизматлари турларини кенгайтириш ушбу соҳани ривожлантиришнинг эътибор марказида бўлиши таъкидланди.

Молия бозорида давлат активларини очиқ-ошкора ва самарали сотиш масаласи ҳам 2021 йил учун мўлжалланган муҳим вазифалардан бири сифатида Мурожаатномада келтирилган. Шу ўринда, молия бозорининг асосий қисмларидан бири бўлган капитал бозорини Ўзбекистонда ривожлантириш иқтисодиётдаги трансформацияни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Кейинги тўрт йил давомида мамлакатимизда капитал бозорини ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг реал секторига узоқ муддатли ва тўғридан-тўғри, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этиш, қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни ривожлантириш ва янги молиявий инструментлар жорий этиш орқали иқтисодиётда фаол инвестиция сиёсатини олиб боришга қаратилган қарорлар қабул қилиниб, аниқ вазифалар белгиланган эди.

Шу билан бирга, айни пайтда капитал бозорида қимматли қоғозларни жойлаштирилиш, қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни ривожлантириш, маҳаллий фонд биржасини чет эл фонд биржаларига интеграция қилиш, ҳорижий эмитентлар қимматли қоғозларини Ўзбекистон резидентлари томонидан ҳарид қилиш имкониятлари ҳамда аҳолининг капитал бозоридаги иштироки масалалари урганилганда ушбу соҳани самарали ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган бир қанча масалалар мавжудлиги кўзга ташланмоқда. Жумладан, хорижий андеррайтерлар иштирокида давлат корхоналари томонидан облигацияларнинг асосан чет элда чиқарилиши маҳаллий капитал бозори ва унинг иштирокчилари фаолиятини ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари давлат облигацияларининг ликвидли иккиламчи бозорининг шаклланмаганлиги жисмоний шахслар ва норезидентлар томонидан давлат облигацияларини сотиб олиш имкониятини чеклаб қўймоқда. Натижада Ўзбекистонда капитал бозоринининг бугунги ривожланиш ҳолати молия секторининг бошқа иштирокчилари, хусусан банк ва суғурта бозорларига нисбатан суст даражада қолмоқда. Бундай ҳолатда мамлакатда тўлақонли монетар сиёсатни амалга оширишнинг имкони бўлмайди. Айни пайтда Ўзбекистон фонд бозорининг капиталлашуви ялпи ички махсулотга нисбатан 1 фоизни ташкил қилган ҳолда, бу кўрсаткич Қозоғистонда 22 фоиз, Россияда 35 фоиз, Хитойда 46 фоиз, Жанубий Кореяда 87 фоиз, Малайзияда 112 фоиз ва АҚШ да 149 фоиз ни ташкил қилмоқда.

Шу ўринда, Молия бозорида рақобатни ошириш мақсадида “Капитал бозори тўғрисида” ҳамда “Банк бўлмаган кредит ташкилотлари тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши юқорида келтирилган муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади. 

 

Тадбиркорга қандай шароит яратилади?

Ушбу Мурожаатнома тадбиркорликка шароит яратиб бериш масаласига тизимли ёндашуви билан ажралиб турибди. Чунки “шароит” деганда кўз олдимизга энг аввало электр, газ, сув таъминоти, йул, кредит билан боглик масалалар келади. Шу ўринда, Мурожаатномада тадбиркорликни ривожлантириш борасида қўйилган вазифалар мазмунан ва сифат жиҳатидан аввалгиларидан фарқ қилмоқда. Яъни ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини давлат органлари тизимидаги раҳбар ва мутасаддилар томонидан бузилганда уларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Бизнес-омбудсманга қўшимча ваколат берилмоқда. Тадбиркорлик фаолиятини лицензиялаш ва рухсатнома турларини кескин қисқартириш, айримлари бўйича эса тартиб-қоидаларни соддалаштириш, шунингдек тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга бундан 4 йил олдин эълон қилган мораторийни яна бир йилга узайтириш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга қаратилган механизмлар жорий этилади. Бундан ташқари, тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг қамрови анча кенгайтирилади.

Юқорида келтирилган тадбирларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлгаан 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, уларнинг сонини кескин қисқартириш мақсадида Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Ушбу вазифанинг тўла-тўкис амалга оширилиши тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият олиб бориши, энг муҳими ўзини-ўзи ташкиллаштириши, ривожлантириши ва мувофиқлаштириб бориш имкониятига эга бўлиши учун тизимлаштирилган қонуний асосларни тақдим этади.

 

Хотима ўрнида

Мурожаатномада 2020 йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш эканлиги ва унга ҳамма учун тенг имконият яратадиган (инклюзив) юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилиши аниқ асослаб берилди. Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, 2021 йил учун вазифалар, шунингдек яқин 5-10 йил ичида эришишимиз лозим бўлган стратегик мақсадлар Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадга элтувчи йўйни аниқ ва равшан ёритиб турибди.

Мана шу йўлдан оғишмай давом этиш учун ҳар бир тармоқ, соҳа ва ҳудудлар кесимида аниқ йўл хариталари (иш режа, манзилли дастур) ишлаб чиқиш, уларнинг ижроси бўйича доимий равишда халққа ҳисобот бериб бориш лозим. Мурожаатномада келтирилганидек, амалга оширилган ишлар самарасини баҳолашдаги асосий мезон, бу – халқимизнинг фикридир.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,

иқтисодиёт фанлари доктори,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш